Сентябрь ойининг савдо якунларига кўра ЎзРТХБнинг деярли ҳар бир платформасида савдо ҳажмининг ўсиши кузатилди. 2014 йилнинг шу даврига қиёслаганда биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 3,1% га ошган, яъни 812,6 млрд сўмни ташкил этган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида биржа бозорида маҳсулотларни сотиш ҳажми 618,7 млрд сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йили 608,4 млрд сўмга тенг бўлган. Биржа бозорининг асосий қисми ёки 46%ни анъанавий тарзда қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаган. Полиэтиленнинг сотуви 68%га ва унинг бозордаги улуши эса 9% дан 14%гача кўтарилди. Шунингдек суюлтирилган газнинг сотилиши 33 %га ошганлиги боис унинг улуши 14%дан 18%га кўтарилди. Валюта савдо платформасида 4,6 млн АҚШ долл. миқдорида биржа маҳсулотлари сотилган бўлиб, унинг 61% полиэтилен ва 38 %ни рангли металл маҳсулотлари эгаллади. Экспорт бозорининг 1%дан камроқ қисми минерал ўғитлар ҳисобига тўғри келди.
Шунинг билан бир қаторда кўриб чиқилаётган давр мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштироки билан тузилган битимларнинг ҳажмини ўсиши кузатилди. Жумладан, улар томонидан 430,1 млрд сўмлик хомашёнинг сотиб олиниши эвазига бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 4%га ошди. Шунингдек улар 200,5 млрд сўмлик ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиб, ўтган йилгига нисбатан бу кўрсаткични 33 %га оширишга эришдилар. Умумий савдо ҳажмидаги уларнинг улушлари эса ўтган йилги 67%дан 78%гача кўтарилди.
Кўргазма савдолари тизимида савдонинг энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Кўргазма савдо маҳсулотлари сотувчи ва харидорлари ўртасида 113,1 млрд сўмлик 4,7 мингта битим имзоланиб, бу ўтган йилгига нисбатан 7,6%га кўп демакдир. Кўргазма тизимида амалга оширилган битимларнинг умумий ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 78%ни ташкил этди. Энг йирик битимлар қурилиш моллари, машинасозлик ва енгил саноат маҳсулотларини сотиш юзасидан тузилиб, уларнинг умумий тузилган битимлардаги улуши 42%га тенгдир.
Давлат харидлари (D-xarid) тизимида ҳам ижобий динамика кузатилди, унинг ҳажми 7%га ошиб, 48,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу билан 15,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари иқтисод қилиниб, бу ўтган йилгига нисбатан 26,7%га кўпдир. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва уларнинг ҳажмидаги улуши 99%ни ташкил этди. Маҳсулот етказиб берувчиларнинг умумий сони жиҳатидан ҳам кичик бизнес эгалари 99% кўрсаткичга эришди. Ҳисобот даврида давлат харидларининг “электрон каталог” (catalog.uzex.uz) тизимида 5,8 млрд сўмлик битимлар тузилди ва 1,7 млрд сўмлик бюджет маблағлари тежалди. Бу соҳада бажарилган ишлар сони ва ҳажми бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши 100% га тўғри келади.
Корпоратив харидлар тизими «E-xarid» ҳажми эса аксинча 2,9 млрд сўмга камайди ва 26,3 млрд сўмни ташкил этди. Шу билан бирга пул маблағларини иқтисод қилиш 24,7%га етди ёки 6,4 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўз навбатида электрон савдолар самарадорлиги ошиб бораётганлигидан далолат беради. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва уларнинг ҳажмидаги улуши 97%ни ташкил этди. Аукцион савдолар давомида ҳар бир талабномага етказиб берувчиларнинг ўртача 5та ва ундан ортиқ таклифлари келиб тушди.
Курилди: 12663