“ЎзРТХБ» АЖ да 2015 йилнинг 9 ойлик якунлари эълон қилинди | Новости

28 Окт 2015
24 октябрь куни “ ЎзРТХБ “ АЖ да 2015 йилнинг 9 ойлик якунлари ва тўртинчи чоракда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган кенгайтирилган кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тизимдаги марказий аппарат ходимлари, ҳудудий филиаллар раҳбарлари иштирок этдилар.
 
Муҳокама этилган масала юзасидан 2015 йилнинг 9 ойида биржанинг барча савдо платформаларида амалга оширилган битимлар ҳажми 6,5 трлн. сўмни ташкил этганлиги қайд этилди. Жумладан, биржа савдоларининг ҳажми 5,1 трлн. сўм, кўргазма–ярмарка савдолари 746,5 млрд. сўм, давлат харидлари 347,7 млрд. сўм, корпоратив харидлар 260,8 млрд. сўм, шунингдек янги савдо платформаси “Электрон каталог” битимларининг ҳажми 31,2 млрд. сўмни ташкил этган.
 
Биржа савдоларидаги маҳсулот ва хомашё савдосининг натурал ҳажми 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига бир қатор маҳсулотлар нархи пасайди. Жумладан, цементнинг нархи 25,5 фоизга, суюлтирилган газ 16,5 фоизга, қора металл нархи 8,2 фоизга камайди. Сотувчи корхоналар савдоларда реал бозор нархларининг шакллантирилиши эвазига қўшимча 1,8 трлн. сўм миқдорида қўшимча даромад олишди.
 
Тадбиркорлик субъектларининг умумий савдо ҳажмидаги улуши 66,5 фоиздан 73,8 фоизга ошди. Бунда тадбиркорлик субъектлари иштироки бидан тузилган битимларнинг сони ва ҳажмини ўсииши республикамизнинг деярли барча ҳудудларида қайд этилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сотиш ҳажмини ўсиши биржанинг муқобил савдо платформаларида кичик корхоналар салоҳиятидан самарали фойдаланилаётганлигидан далолат беради.
 
Хусусан, кўргазма-ярмарка савдолари бўйича тузилган битимлар ҳажми 746,5 млрд. сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга кўпдир. Мазкур тизимдаги кичик бизнеснинг улуши умумий савдо ҳажмига нисбатан 78 фоизни ташкил этди.
 
Давлат харидлари бўйича «D-xarid» электрон тизимида 2,5 фоизлик ўсиш кузатилиб, умумий қиймати 347,7 млрд. сўмга тенг битимлар тузилди. Натижада, нархларнинг пасайиши ҳисобидан 101,4 млрд. сўм бюджет маблағи иқтисод қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,5 фоизга кўпдир. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича етказиб берилган товарлар (хизматлар)даги улуши 99 фоизни ва савдоларнинг умумий ҳажмидан эса 98 фоизни ташкил этди.
 
Янги “Электрон каталог” савдо тизимида давлат харидлари бўйича 31,2 млрд. сўмлик битимлар имзоланди ва 7,8 млрд. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинди. Мазкур йўналишда умумий битимлар ҳажми ва сонига нисбатан кичик бизнес субъектларининг улуши 100 фоизга етди.
 
«E-xarid» тизимида корпоратив савдолар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёслаганда ўзгаришсиз қолди, яъни 260,8 млрд. сўмни ташкил этди. Иқтисод қилинган маблағлар 54,4 млрд. сўм ёки ўтган даврга нисбатан 10,2 фоизга ошганлиги электрон савдолар самарадорлигини кўрсатмоқда. Давлат харидлари бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши 98 фоизни, умумий тузилган битимлар қийматида 97 фоизни ташкил этди.
 
Мажлис сўнггида биржа маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва уларни турларини кенгайтириш, электрон савдоларда кичик бизнес субъектлари иштирокини ошириш, ҳамда келгусида биржа фаолиятида замонавий АКТни янада кенгроқ жорий этиш юзасидан 2015 йилнинг тўртинчи чорагидаги вазифалар белгилаб олинди.
 

Кўрилди: 10835