Ўзбек пахтаси дунё эътиборида | Новости

16 Окт 2015
15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтди. Жорий йилдаги мазкур тадбирда жаҳоннинг 40 та маклакатидан 1000 дан зиёд компаниялари намояндалари иштирок этишди. Шунингдек ярмаркада Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг кўргазмаси намойиш этилди.
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан 2005 йилда Тошкентда биринчи Халқаро Ўзбекистон пахта ярмаркаси ташкил этилиб, унда ўзбек пахта толасининг экспорт жуғрофиясини кенгайтириш, жаҳон бозоридаги мавқеи ва таъминотини ошириш маваффақиятли амалга оширилганди.Мазкур тадбир келгусида пахта толасини экспорт қилишнинг бозор механизмини янада такомиллаштириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни  мустаҳкамлашга замин ҳозирлади.
Хорижий иштирокчиларнинг берган юқори баҳоси ва мазкур тадбирнинг амалий натижалари ҳисобга олиниб, Халқаро Ўзбекистон пахта ярмаркасини доимий равишда мунтазам ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Халқаро ярмарка иштирокчилари эътиборига  Узэкспомарказ мажмуи павильонида жорий йилда Ўзбекистондаги пахтани қайта ишлаш заводларида  тайёрланган барча турдаги ўзбек пахтаси толаларидан намуналар намойиш этилди.Мазкур анжуман яна бир бор дунё пахта ва тўқимачилик саноатининг йирик иштирокчиларини тўплаш баробарида ўз нуфузи ва унга бўлган қизиқиш ортиб бораётганлигини кўрсатди.
Ҳар йили тадбирда намойиш этилаётган Ўзбекистон тўқимачилик саноатига бағишланган кўргазма машҳурлик касб этиб бормоқда.Унда 100га яқин маҳаллий корхоналарда кейинги йилларда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари кенг намойиш этилди.Тадбирнинг биринчи кунида бу ерда ўзбек дизайнерлари томонидан fashion show  “Шарқ либослари “ намойиш этилди. Ҳеч кимга сир эмас бугунги кунда маҳаллий матолардан нафақат Осиё, балки жаҳон подиумларига чиқа оладиган сара либослар тайёрланмоқда.
Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси кўргазмасида ўзбек маҳаллий маҳсулотлари билан танишиш, шу жумладан пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга тарғиб этиш имконияти яратилди. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларини электрон биржа савдоларини ўтказиш тартиби билан таништирдилар.Натижада, мижозлар ярмарка савдолари орқали онлайн тарзда маҳсулотларни экспорт қилиш тартиби ҳақида кенг маълумотга эга бўлдилар.
Умуман олганда, ярмарка иштирокчилари товар биржаси томонидан замонавий биржа технологияларидан фойдаланган ҳолда ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар товар алмашинувини амалга оширилишига юқори баҳо бердилар.
 

Курилди: 12506