“ЎзРТХБ” АЖ тадбиркорлар учун “очиқ эшиклар куни”ни ўтказди | Новости

15 Сен 2014

12 сентябрь куни “ЎзРТХБ” АЖ марказий аппаратининг биносида қурилиш моллари сегментида фаолиятини юритиб келаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирокида “очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Ушбу тадбирнинг ўтказилишидан мақсад давлат ва корпоратив харидлари бўйича савдо иштирокчиларига керакли маслаҳат бериш, ҳамда ушбу савдо платформаларни имкониятлари ва афзалликлари билан таништириш. Ушбу семинарда шунингдек корпоратив харидлар бўйича электрон савдоларида буюртмачи сифатида иштирок этиб келаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ДАК, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТЙК, “Ўзавтосаноат” АК, “Ўзкимёсаноат” ДАК, “Ўзэнерготаъминлаш” АЖ ва тижорат банкларининг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида кичик бизнес вакиллари етказиб берувчиларни аккредитация қилиш механизми ва умуман савдо тизими билан танишиб чиқдилар. Бундан ташқари, давлат ва корпоратив харидлари электрон тизимида қурилиш моллари сегментининг афзалликлари ва истиқболлари тўғрисида ахборот слайдлари намоён этилди.

Семинар якунида  етказиб берувчиларни аккредитация қилиш жараёнини соддалаштириш,  буюртмачилар ва етказиб берувчиларни жавобгарликларини ошириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги “Давлат активларини бошқариш маркази”,  Давлат рақобат қўмитасининг худудий бошқармаларининг вакиллари фаол иштирок этдилар.

Келгусида шу каби тадбирларни ҳар ойда биржанинг марказий офиси ва ҳудудий филиалларида ўтказилиши режалаштирилган.

Кўрилди: 14816