Ўтган ҳафтада “ЎзРТХБ” АЖнинг деярли барча савдо платформаларида ижобий динамика кузатилган, бироқ биржа савдоларининг ҳажми нисбатан камайган. Ушбу пасайиш биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажмида ҳам ўз аксини топди ва агар олдинги ҳафтада у 188 млрд сўмни ташкил этган бўлса, ўтган ҳафтада ушбу кўрсаткич 174 млрд сўмга тенг бўлди.
Биржа савдолари
Биржа платформасида икки ҳафталик ўсишдан сўнг пасайиш қайд этилмоқда. Ўтган ҳафтада биржа товарларининг сотув ҳажмлари 153,5 млрд сўмдан 134,7 млрд сўмгача пасайди. Бироқ, кимё саноат маҳсулотларини савдоларга қўйилиши ва сотилиши бўйича ижобий динамика сақланди ва уларнинг бозордаги улуши 2%дан 4%гача кўтарилди. Сотув ҳажмлари бўйича етакчи – қурилиш молларининг улуши ҳам 32%дан 39%гача ўсди. Қолган позициялар бўйича бир оз пасайиш кузатилган.
Ички бозордан фарқли ўлароқ экспорт бозорида ўсиш қайд этилмоқда. Валюта савдо майдончасида тузилган битимларнинг ҳажми 1,4 млн АҚШ долларидан 1,5 млн АҚШ долларигача ошган. Фарғона НҚЗ 1,1 млн АҚШ долларига тенг ҳажмда саноат мойларини сотди ва бу умумий экспортнинг 70% ташкил этади, ҳамда 352,8 минг АҚШ долларга тенг нефть гачини реализаци қилди. Бозорнинг қолган 8% қисмини М-400 Д-20 маркадаги портландцемент эгалламоқда.
Кўргазма ярмарка савдолари
Кўргазма ярмарка савдолари тизимида ижобий динамика сақланиб турибди. Жумладан, тузилган битимларнинг ҳажми 19,4 млрд сўмга тенг бўлиб, бу олдинги ҳафтага нисбатан 22,8%га кўпдир. Ушбу динамикага савдоларнинг фаол иштирокчилари ва улар томонидан тузилган битимлари сонининг ўсиши сабаб бўлган. Экспорт савдолари тузилган битимларнинг умумий ҳажмига сезиларли таъсир кўрсатди, уларнинг ҳажми эса 3,5 млрд сўмгача ўсди.
Тузилган битимларнинг сони бўйича Бухоро филиали етакчи ўринни эгаллаб турибди. Ушбу рейтингда кейинги ўринларни Тошкент ва Андижон филиаллари эгаллаган. Бироқ битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни одатдагидай Тошкент филиали эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринларда Фарғона ва Бухоро филиаллари турмоқда.
Тузилган битимларнинг ҳажми 4,9 млрд сўмдан 8,0 млрд сўмгача кўпайгани сабабли машинасозлик маҳсулотлари энг ликвид маҳсулотлар қаторида биринчи ўринда турмоқда. Металлургия бўйича битимларнинг умумий ҳажми 575,5 млн сўмдан 4,4 млрд сўмгача ошган. Полимерлар ва пластмасса гуруҳининг ҳажми 1,1 млрд сўм бўлган ҳолда учинчи ўринда турибди. Ушбу товар гуруҳларининг умумий улуши 69%га тенг бўлди. Ҳафтанинг энг йирик битимининг ҳажми 3,4 млрд сўмга тенг бўлиб, у Тошкент филиалида қайд этилмоқда.
Давлат харидлари
Давлат харидларининг электрон аукцион тизимида тузилган битимларнинг ҳажми 7,5%га кўтарилиб, 12,3 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу ўсиш савдоларда иштирок этган бюджет маблағ олувчиларининг сони 2932дан 3101гача ошганлиги билан боғлиқдир. Шу билан бирга бюджет маблағларини тежалиши ҳам 2,9 млрд сўмдан 3,0 млрд сўмгача ўсди. Кичик бизнес субъектлари томонидан тузилган битимларнинг умумий ҳажмидаги улуши 98% ташкил этди.
Амалга оширилган битимларнинг ҳажми бўйича етакчи ўринларни пойтахт ва Самарқанд вилоятининг етказиб берувчилари эгалладилар. Ўз навбатида Фарғона вилоятининг етказиб берувчилари битимлар ҳажмини 13%га ошириб, иккинчи ўринни эгаллаб олдилар.
Ҳафтанинг энг йирик битими компьютерларни етказиб беришга тегишли бўлиб, унинг ҳажми 191,1 млн сўмни ташкил этди. Пул маблағларини энг кўп тежалиши оргтехника етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш бўйича битимда қайд этилди ва унинг ҳажми 37,0 млн сўмни ташкил этди. Энг фаол савдолар чойшаб етказиб беришга тегишли буюртмада кузатилган ва ушбу буюртма бўйича ўтказилган савдолар давомида 32 таклиф келиб тушган.
Корпоратив харидлар
Корпоратив харидлар бўйича электрон савдолар иштирокчилари ўтган ҳафтада фаолликни оширдилар ва савдолар ҳажмини 7,2 млрд сўмдан 7,5 млрд сўмгача чиқариб олдилар. Пул маблағларининг тежалиши 1,2 млрд сўмга тенг бўлиб, бу электрон харидларнинг бошланғич нархидан 14%ни ташкил этади. Тузилган битимларнинг сони 358 тенг бўлиб, улар бўйича ўртача 5 таклиф келиб тушган ва келиб тушган таклифларнинг энг кўп сони 29гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битимининг ҳажми 332,2 млн сўмга тенг бўлиб, у Андижон вилоятида тузилган.
Ҳудудий тузилмада айрим ўзгаришлар қайд этилмоқда. Пойтахт худудининг улуши 64%дан 49%гача камайган. Бухоро ва Навоий вилоятларининг ҳар бири тенг равишда 12% улушга эга бўлдилар. Ўтган ҳафтада амалга оширилган битимларнинг ҳажми бўйича энг юқори ўсиш Андижон вилоятига тўғри келиб, унинг улуши 3%дан 11%гача кўтарилган.
Курилди: 15086