“ЎзРТХБ” ОАЖ биринчи чорак якунлари бўйича йиғилиш ўтказди | Новости

29 Апр 2014

26 апрел куни “ЎзРТХБ” ОАЖнинг бошқарувининг 2014 йилнинг биринчи чорак якунлари ва иккинчи чорак вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда марказий аппарат бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.

Йиғилишда жорий йилнинг биринчи чорагида биржа фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича ўсишга эришилганлиги эътироф этилди. Барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг ҳажми 2,0 трлн сўмга тенг бўлган, бу ўтган йилнинг ушбу даврида қайд этилган кўрсаткичга нисбатан 27%га кўпдир. Уларнинг 85%, ёки 1,7 трлн сўм, биржа савдоларига тўғри келмоқда. Ушбу платформада қайд этилган савдолар ҳажми эса 21,5%га кўтарилган. Биржа савдоларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилган товарлар ҳажми 270,4 млрд сўмни ташкил қилди, бу 2013 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 79,4%га кўпдир.

Савдоларнинг энг юқори ўсиши – 50% атрофида – кўргазма ярмарка савдоларида эришилган ва унинг ҳажми 174,9 млрд сўмга тенг бўлди. Валюта савдо майдончаси ва кўргазма ярмарка савдолари орқали амалга оширилган экспортнинг ҳажми 17,4%га ошиб, 96,8 млрд сўмни ташкил этди.

Давлат харидлари тизимида тузилган битимларнинг ҳажми 20,5%га ўсиб, 66,0 млрд сўмга тенг бўлди ва уларнинг миқдори қарийб 42 мингга тенг бўлди. Бюджет маблағларини тежалиши 18,0 млрд сўмга тенг бўлиб, электрон харидларнинг бошланғич нархидан 21,4%ни ташкил этган. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича етказиб берилган товарлардаги улуши 95,5% ва савдоларнинг ҳажмидан эса 95,4%ни ташкил этди. Корпоратив харидлар бўйича ўтказилган электрон савдоларининг ҳажми 67,2 млрд сўмни ташкил этди, пул маблағларини тежалиши эса 15,6 млрд сўмга етди.

Шунингдек мажлисда ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Мижозлар учун ахборот очиқлиги ва қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагида биржанинг махсус ахборот порталида бир қатор интерактив хизматларни жорий этилди.

Бундан ташқари, 2014 йилнинг ярим йиллигида бажариладиган режаларни амалга ошириш мақсадида иккинчи чоракда бажарилиши керак бўлган қуйидаги муҳим вазифалар белгиланди:

  • давлат ва корпоратив харидлар электрон аукцион савдоларига етказиб берувчиларни, биринчи навбатда кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларни жалб қилиш ишларини кучайтириш;
  • махсус ахборот порталидаги интерактив хизматларни кенгайтириш ва олиб борилаётган иш жараёнларини автоматлаштириш;
  • биржа ва аукцион савдоларига қўшимча манбаларни жалб қилиш бўйича мавжуд заҳиралардан фойдаланишда ҳудудий филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш.

Курилди: 14120