ЎзРТХБ савдолари икки ҳафта давомида ўсишни давом этмоқда | Новости

23 Апр 2014

Ўтган ҳафта мобайнида ЎзРТХБ савдо платформаларида ижобий динамика кузатилган. 14 – 20 апрел давомида тузилган битимларнинг ҳажми 181,1 млрд сўмдан 186,3 млрд сўмгача кўтарилди.

Биржа савдолари
Ушбу давр ичида биржа савдолари орқали 152,0 млрд сўм ҳажмидаги товарлар сотилган, бу олдинги ҳафтага нисбатан 4,1% га кўпдир. Савдо ҳажмларининг энг юқори ўсиши чорва учун емларнинг савдоси бўйича кузатилиб, унинг ҳажми қарийб икки каррага ошган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сотуви ҳам 10%-ошди ва натижада уларнинг улуши 21% ни ташкил этди. Қурилиш молларининг сотуви аксинча 35% дан 32% гача қисқарди.
Экспорт бозорида пасайиш кузатилган. Валюта савдо майдончасида тузилган битимларнинг ҳажми 351 минг АҚШ долларга камайиб, 2,0 млн АҚШ долларга тенг бўлди. Ушбу ҳолат олдинги ҳафтага нисбатан экспорт қилинадиган товарлар камайганлиги сабабли  юз берди. Бозорнинг энг кўп қисми – 63% Фарғона НҚЗ томонидан ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларига тўғри келмоқда. МЧЖ ҚК «Shortan Gaz Mahsulot» 694,2 минг АҚШ долларга тенг ҳажмда суюлтирилган газни экспортга сотди, бу умумий экспорт ҳажмидан 35% ни ташкил этади. Бозорнинг қолган қисмини М-400 Д-20 маркадаги цемент эгалламоқда.

Кўргазма-ярмарка савдолари
Ўтган ҳафтада савдо иштирокчиларнинг фаоллиги пасайганлиги сабабли кўргазма-ярмарка савдолари тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 19,0 млрд сўмгача тушиб кетди. Бироқ, экспорт контрактларининг ҳажми аввалги даражада сақланиб қолди ва 350 млн сўмга тенг бўлди. Бундан ташқари кичик бизнес субъектларини савдоларининг ҳажми 13,2 млрд сўмга тенг бўлди. Савдо ҳафталигининг натижаларига кўра Тошкент филиали барча йўналишлар бўйича етакчиликни тиклаб олди. Тузилган битимларнинг миқдори бўйича иккинчи ва учинчи ўринларда Бухоро ва Фарғона филиаллари турмоқдалар. Битимлар ҳажми бўйича эса иккинчи ўринни Қашқадарё филиали, учинчи ўринни Навои ва Бухоро филиаллари эгалламоқдалар.

Савдолар ҳажми 8,5 млрд сўмдан 7,3 млрд сўмгача камайишига қарамасдан, машинасозлик маҳсулотлари юқори талабга эга бўлган товарлар рўйхатида етакчилик қилиб келмоқда. Ўз навбатида, металлургия маҳсулотлари бўйича тузилган битимларининг ҳажми 1,4 млрд сўмдан 3,2 млрд сўмгача ўсганлиги сабабли улар иккинчи уринни эгалладилар. Етакчилар учталигини рўйхатини қурилиш моллари 19 млрд сўм ҳажми билан якунлади.
Ҳафтанинг энг йирик битими Тошкент филиалида тузилган. Ушбу битим портландцемент клинкерини сотишга тегишли бўлиб, унинг ҳажми 1,6 млрд сўмга тенг бўлди.

Давлат харидлари
14-20 апрел давомида давлат харидлари электрон аукцион савдолари тизимида тузилган битимларнинг ҳажми 9,4 млрд сўмни ташкил этди, бу олдинги савдо ҳафталигига нисбатан 47,7% га кўпдир. Ушбу ҳолат савдо иштирокчиларининг сони 2615-дан 3467-гача ва тузилган битимлар сонининг 4059-дан 5615-гача ошгани сабабли содир бўлди. Тежалган маблағлар 36,5%га кўтарилиб, 2,4 млрд сўмни ташкил этди.

Битимлар ҳажми ва маблағларни тежаш бўйича пойтахтда жойлашган етказиб берувчилар биринчиликни эгалладилар. Битимлар ҳажми бўйича иккинчи ўринни Бухоро вилоятининг етказиб беручилари эгалладилар ва аввалги кўрстакичларини 2,8 карра оширишга эришдилар. Ўз навбатида, Самарқанд вилоятининг етказиб берувчилари битимлар ҳажмини икки каррага ошириб, учинчи ўринни эгалладилар.
Ҳафтанинг энг йирик битими тиббиёт жиҳозларини етказиб беришга тегишли бўлиб, унинг ҳажми 198,0 млн сўмга тенг бўлди. Катта ҳажмдаги маблағларни тежалиши гул кўчатларини етказиб беришга тегишли битимда эришилган ва 52,9 млн сўмни ташкил этган. Етказиб берувчилар томонидан буюртмага берган таклифларнинг энг кўп сони асал етказиб беришга тегишли булди ва 32-га етди, бу эса ўтган ҳафтанинг энг яхши натижаси ҳисобланади.

Корпоратив харидлар
Корпоратив харидлар бўйича савдоларнинг динамикасида ҳам ўсиш суръати кузатилмоқда. Кўриб чиқилаётган давр ичида савдоларнинг ҳажми 11% га ошган ва 5,8 млрд сўмни ташкил этган. Маблағларни тежалиши деярли ўзгармади ва 1,2 млрд сўмга тенг бўлган, бу электрон харидларнинг бошланғич баҳосидан 17% ни ташкил этади.

Ҳафта давомида тузилган битимларнинг сони 351-дан 281-гача камайган. Ушбу битимлар бўйича ўртача 6 таклиф келиб тушган ва уларнинг энг кўп сони 27-гача етган.
Ҳафтанинг энг йирик битими 236,3 млн сўм ҳажмида Тошкент шаҳрида тузилган.
Ҳудудий тузилмада бироз ўзгаришлар кузатилган. Тошкент ва Тошкент вилоятининг улуши 1%га ошиб, 47%ни ташкил этди. Бухоро ва Қашқадарё вилоятиларининг умумий улуши 27%дан 29%гача кўтарилган. Савдолар ҳажмининг энг кўп ўсиши Сирдарё вилоятида қайд этилди.

Курилди: 15194