Ўтган ҳафтада тузилган битимларнинг ҳажми пасайганлигига қарамасдан, ЎзРТХБ савдоларининг фаоллиги юқори даражада сақланмоқда. Хусусан, 23-30 март давомида битимларнинг умумий ҳажми 185,8 млрд сўмни ташкил этди ва бу ўртача кўрсаткичдан 17%га кўп демакдир.
Биржа савдолари
Биржа савдоларининг ҳажми 154,0 млрд сўмни ташкил этди. Олдинги ҳафтада ушбу кўрсаткич 156,4 млрд сўмга тенг эди. Бўлиб ўтган савдоларнинг таҳлилига кўра рангли металлар, суюлтирилган газ ва полиэтилен товар гуруҳларида савдоларнинг пасайиши кузатилмоқда. Олдинги ҳафтага нисбатан ушбу товар гурухларининг улуши ўртача 10%га камайган. Нефть маҳсулотларининг сотилиши бир ярим карра кўтарилди ва натижада унинг биржа бозоридаги улуши 7% дан 13%гача ўсди. Бозорнинг энг катта қисмини одатга кўра қурилиш моллари ва озиқ овқат маҳсулотлари 55% умумий улуш билан эгалламоқдалар.
Жорий йилнинг бошидан бошлаб экспортнинг энг юқори даражаси қайд этилиши ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Хусусан, валюта савдо майдончаси орқали 5,9 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлари сотилди, бу эса ўтган ҳафтага нисбатан 6 маротабага кўп демакдир.
Харидорлар томонидан билдирилган талабнинг асосий қисми Фарғона НҚЗ маҳсулотларига тўғри келмоқда. Жумладан, саноат мойлари ва нефт гачининг сотув ҳажми 4 млн АҚШ доллардан ортди ва натижада уларнинг экспорт ҳажмидаги улуши 70%-га етди. Кейинги етакчи ўринларни суюлтирилган газ (17%) ва полиэтилен (11%) эгалладилар.
Кўргазма ярмарка савдолари
Кўргазма ярмарка савдоларида тузилган битимларнинг ҳажми 7,7%-га камайиб, 19,9 млрд сўмни ташкил этди. Бироқ, республикадаги савдолар 34,2%га кўтарилиб, 19 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг маҳсулотларини сотув ҳажми 14,4 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Ўтказилган савдо натижаларига кўра, тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчиликни Тошкент ва Самарқанд филиаллари эгаллаб турмоқдалар. Қашқадарё филиали ҳам ушбу кўрсаткич бўйича муҳим натижаларга эришди.
Металлургия маҳсулотларининг сотув ҳажми сезиларли даражада камайган ва натижада ушбу товар гуруҳи етакчилар қаторида акс эттирилмади. Бўлиб ўтган савдо натижаларига кўра етакчилар учталигида машинасозлик маҳсулотлари, қурилиш моллари ва кимё саноат маҳсулотлари қайд этилмоқда.
Ҳафтанинг энг йирик битими Тошкент филиалида тузилган ва ушбу битим нотўқима материалларни етказиб беришга тегишли, унинг ҳажми 1,4 млрд сўмни ташкил этди.
Давлат харидлари
Ўтган ҳафтада давлат харидлари бўйича ўсиш қайд этилди. Битимларнинг умумий ҳажми 11,4%га ошиб, 6,6 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич савдо иштирокчиларининг сонини 2340дан 2534гача кўтарилиши ҳисобига эришилган ва улар томонидан тузилган битимларнинг сони ҳам олдинги ҳафтага нисбатан 298-га кўпдир. Ўз навбатида бюджет маблағларини тежаш ҳажми 15,6%га ошган ва 1,8 млрд сўмни ташкил этган. Кичик бизнеснинг тузилган битимларнинг умумий ҳажмидаги улуши 93% дан 98%гача кўтарилди.
Битимларнинг ҳажми камайганлигига қарамасдан пойтахт ва Фарғона вилояти етказиб берувчилари ўз етакчилигини сақлаб турмоқдалар. Ушбу йўналишда Қорақолпоғистон Республикасининг етказиб берувчилари томонидан тузилган битимларнинг сони ва ҳажми икки маротабага ошиши натижасида учинчи ўринни эгалладилар.
Ҳафтанинг энг йирик битими сифатида Навоий шаҳрида дераза ойнасини етказиб бериш бўйича тузилган битим эътироф этилмоқда. Ушбу битимнинг ҳажми 129,4 млн сўмни ташкил этди. Мебель етказиб беришга тегишли бўлган битимда 51,7 млн сўм ҳажмидаги маблағни тежашга эришилди.
Бухоро вилоятининг Пешку туманида челакларни етказиб бериш учун тузилган битим бўйича 34-таклиф келиб тушган ва бу ўтган ҳафта учун энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Корпоратив харидлар
Корпоратив харидларнинг ҳажми 5,3 млрд сўмни ташкил этди. Пул маблағларини тежаш эса 1,2 млрд сўмдан 1,4 сўмгача кўтарилган ва бу ўз ўрнида ўтказилган электрон савдоларнинг самарадорлиги ошганлигидан далолат беради. Шу боис, маблағларнинг тежалиши электрон харидларнинг бошланғич нархига нисбатан 21,2% ташкил этди.
Шунингдек, тузилган битимларнинг миқдори ҳам 310-дан 341-гача ошган ва улар бўйича ўртача 6-таклифлар келиб тушган, таклифларнинг энг кўп сони эса 32-гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битими Тошкент шаҳрида тузилган бўлиб, унинг қиймати 215 млн сўмни ташкил этди.
Тузилган битимларнинг катта ҳажми одатга кўра Тошкент вилоятига тўғри келди ва унинг улуши 38%-ташкил этди. Қолган етакчи вилоятлар қуйидаги тартибда жойлашдилар: Қашқадарё вилояти – 10%, Бухоро ва Фарғона вилоятларини ҳар бири 9% дан.
Олдинги ҳафтага нисбатан корпоратив харидларнинг таркибида ҳам сезиларли даражада ўзгаришлар қайд этилди. Ҳафта якунига кўра етакчи ўринларни оргтехника – 14%, қурилиш моллари – 13%, электр жиҳозлари – 12% ва кабель-сим маҳсулотлари 8%-билан эгаллаб турмоқдалар.
Курилди: 13885