“ЎзРТХБ” ОАЖ бир қатор янги интерактив хизматларни жорий этди | Новости

18 Апр 2014

Биржа аъзолари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида, “ЎзРТХБ” ОАЖ жорий йилнинг 16 апрел куни Ахборот коммуникация технологиялари (АКТ) ёрдамида интерактив хизматларининг навбатдаги “Брокернинг шахсий кабинети” лойиҳасини муваффақиятли жорий этди.

Ушбу янги интерактив хизматлар брокерлик идоралари учун онлайн режимда биржа хизматлари учун тўлов тарифлари ҳақида аниқ маълумотларни олиш ва биржа савдоларида сотиладиган товар позицияларининг нархлар трендини кузатиш имконини беради. Хусусан, улар ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги нафақат ўзларининг, балки ўз мижозларининг ҳисобларини ҳам кузатишлари, брокерлик ўрни ва иш жойлари учун тўловлар ҳажми ва белгиланган жарималар ҳақида батафсил маълумотларни олишлари ҳам мумкин.

Бундан ташқари, биржа аъзолари ўз шахсий кабинетлари орқали ҳар бир биржа контрактининг нархини кузатишлари мумкин. Ушбу хизмат керакли биржа контрактини танлаб, унинг нархини маълум давр ичида ўзгариш чегараларини кўриш ва нархлар тренди архивини яратиш имконини беради.

Ушбу хизматлар амалда тадбиқ этилишига қадар биржа аъзолари юқорида кўрсатилган маълумотларни олиш учун биржа ходимларига телефон орқали мурожаат қилишларига мажбур эдилар.

Шахсий кабинетдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш шарт эмас, чунки биржа рўйхатидан ўтган барча биржа аъзолари ушбу хизматлардан автоматик тарзда фойдаланишлари мумкин.

Курилди: 13800