ЎзРТХБ ўтган ҳафта давомида савдо ҳажмларнинг навбатдаги максимумига эришмоқда | Новости

19 Мар 2014

Биржа савдолари
Биржа бозори ўтган ҳафтада узоқ муддат давомида сақланиб келаётган пасайиш даврини якунлаб, сезиларли даражада ўсди. Жумладан тузилган битимларнинг ҳажмлари 127,0 млрд сўмдан 155,1 млрд сўмгача ошди. Ушбу ўсишнинг асосий сабаби биржа товарларини спот бозорига фаол тарзда қўйилиши бўлди. Бу борада озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари етакчилик қилмоқдалар. Шу боис, озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 10% дан 20% га, чорва учун емлар – 2% дан 6% га кўтарилди. Гарчи қурилиш молларининг сотув ҳажми сақланиб қолган бўлсада, уларнинг улуши 44% дан 35% гача камайди.
Валюта савдо майдончасидаги экспорт битимларининг ҳажми 3,2 млн АҚШ долларни ташкил этди. Экспорт қилинаётган товарларнинг таркибий тузилмасида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Полиэтиленнинг улуши 74% дан 47% гача камайган. Саноат мойларининг улуши 31% ни ва суюлтирилган газнинг улуши 22%-ташкил этди.

Кўргазма-ярмарка савдолари.
Кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган битимларнинг ҳажми 25,3 млрд сўмни ташкил этди ва бу олдинги ҳафтага нисбатан 61%га кўпдир. Ички бозорнинг савдолар ҳажми 14,8 млрд сўмдан 19,4 млрд сўмгача ошиши билан бирга, экспортнинг ҳажми ҳам 890,6 млн сўмдан 5,7 млрд сўмгача кўтарилган.
Шунингдек, кичик бизнес субъектларининг фаоллиги алоҳида эътиборга лойиқ, шу жумладан улар томонидан ҳафта давомида тузилган битимларнинг ҳажми 18,8 млрд сўмга етди. Бу эса олдинги ҳафтага нисбатан 10,2 млрд сўмга кўп демакдир. Савдо иштирокчиларининг миқдори 217-дан 267-гача кўтарилди.
Тузилган битимлар ҳажми бўйича етакчилар рўйхати қуйидаги кўринишга эга: Тошкент филиали - биринчи, Андижон филиали - иккинчи ва Қашқадарё филиали – учинчи ўринларни эгаллаб турибди. Тузилган битимларнинг умумий ҳажмидаги уларнинг улуши 82%-ташкил қилди.
Энг кўп талабга эга маҳсулотлар қаторида металлургия маҳсулотлари етакчилик қилмоқда ва уларнинг ҳажми 7,2 млрд сўмни ташкил этди. Иккинчи ўринда 7 млрд сўм ҳажми билан кимё саноат маҳсулотлари туришибди. Етакчилар учталиги рўйхатини машинасозлик маҳсулотлари якунламоқда. Ҳафтанинг энг йирик битими Тошкент филиалида 3,4 млрд сўмга тузилган.

Давлат харидлари
10-16 март давомида давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг ҳажми 5,4 млрд сўмдан 5,1 млрд сўмгача камайган. Ушбу ҳолат савдо иштирокчиларининг миқдори 1892-дан 1634-гача камайиши ва олдинги ҳафтага нисбатан улар томонидан 746-га кам битимлар тузилгани билан боғлиқдир. Бироқ бунга қарамасдан, электрон савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчиларнинг миқдори 712-га ошган. Тузилган битимларнинг умумий миқдорида кичик бизнеснинг улуши 90%-ташкил этди.
Тузилган битимлар ҳажми бўйича ўзгаришлар иккинчи ва учинчи позицияларга тегишли бўлди. Ушбу ўринларни Самарқанд ва Фарғона вилоятлари эгаллаб турмоқдалар. Тузилган битимларнинг ҳажмида ушбу вилоятларнинг умумий улуши  қарийб 40%-ташкил этди.
Ҳафтанинг энг йирик битими 92,7 млн сўмга Тошентнинг Сергели туманида трансформаторларни етказиб бериш учун тузилган битим бўлди. Бюджет маблағларини тежаш бўйича максимал кўрсаткич сиқилган ҳаво компрессорини етказиб бериш учун тузилган битимда эришилган. Ушбу битим бўйича 67,9 млн сўм тежалган.

Ўтган ҳафта натижаларига кўра энг кўп таклифлар миқдори Самарқанд вилоятининг Пастдаргом туманида турли ҳил стендларни етказиб беришга тегишли бўлган битимда кузатилган ва у бўйича таклифларнинг сони 32-га етган.

Корпоратив харидлар
Ўтган ҳафтада савдо иштирокчиларининг фаоллигини ошиши туфайли корпоратив харидларнинг ҳажми 4,4 млрд сўмдан 6,4 сўмгача ошган. Ўз навбатида пул маблағларни тежалиши 1,2 млрд сўмни, ёки электрон харидларнинг бошланғич нархига нисбатан 16,2% ташкил қилди.
Тузилган битимларнинг миқдори 324-гача кўтарилди. Ушбу битимлар бўйича ўртача 5-таклиф келиб тушган, уларнинг энг кўп сони эса 28-гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битими Навоий вилоятида тузилган бўлиб, унинг қиймати 225,7 млн сўмни ташкил этди.
Вилоятлар бўйича етакчиликни Тошкент вилояти эгаллаб турибди ва унинг улуши 54%-га тенг. Кейинги ўринларни Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари 26% ва 16% улуши билан эгалаб турмоқдалар.
Товар гурухлари бўйича етакчилар таркиби деярли ўзгармади. Оргтехник жиҳозларнинг улуши 12%, электротехник жиҳозларни – 10%, полиграфия маҳсулотлари - 9%, машинасозлик маҳсулотлари ва қурилиш моллари 10%-дан, сантехника жиҳозлари – 5% ни ташкил этмоқда.

Курилди: 13022