Ўзбекистон республика товар хомашё биржасининг янги интерактив хизматлари | Новости

10 Мар 2014

Ахборот очиқ-ойдинлигини таъминлаш ва ахборот-коммуникация технологияларини (АКТ) ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида, “ЎзРТХБ” ОАЖ янги интерактив хизматларни ишлаб чиқиш ва уларни жорий этиш ишларини мунтазам равишда олиб бормоқда. Жумладан, яқинда “ЎзРТХБ” ОАЖ биржа савдоларининг барча иштирокчилари учун бир қатор янги интерактив хизматларини тақдим этувчи “Мижознинг шахсий кабинети” лойиҳасини жорий этди.

Биржа мижозлари эндиликда шахсий кабинет орқали ўзларининг ҳисобларидаги маблағлар ва улар томонидан тузилган битимлар тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларни олиш имкониятига эгадирлар. Бунинг учун улар ОАЖ “ЎзРТХБ” нинг www.uzex.uz махсус ахборот порталида рўйхатдан ўтишлари лозим.

Ушбу шахсий кабинетни ишга туширишдан асосий мақсад ҳар куни маълумот олиш учун биржага мурожаат қилаётган мижозларга максимал даражада қулайлик яратиб беришдир. Ушбу хизмат тури биржа савдоларининг иштирокчиларига ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги (ҲКП) ўз ҳисобларини текшириб туриш имконини беради, бундан ташқари, энг муҳими, улар ҳар бир тузилган битим ҳақида батафсил ҳисоботни олишлари мумкин. Ушбу маълумотлар аввал мижозларнинг биржа ходимлари ёки уларга брокерлик хизматларини кўрсатаётган брокерларга мурожаат қилиш орқали тақдим этилар эди.

Шунингдек, шахсий кабинет эгалари нафақат биржа савдоларининг шартларига кўра тўланиши керак бўлган маблағнинг ҳажмини, балки харид қилган маҳсулотнинг юклаб жўнатилиш санаси ва муддатидан хабардор бўладилар.

Шу билан бирга, агар мижоз биржа савдоларига тегишли маълум бир вазиятларни кўриб чиқишда иштирок этаётган бўлса, бу ҳақида шахсий кабинетда биржа комиссиясининг хабарлари кўринишида ўз аксини топади. Мисол учун, агар мижозларнинг маълум бир битимлари Арбитраж комиссияси томонидан кўриб чиқиладиган бўлса, уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида маълумот шахсий кабинетга юборилади. Худди шундай имконият Листинг комиссияси бўйича, яъни янги биржа контрактларини очиш масалаларини кўриб чиқишда ҳам тақдим этилади.

Шу тарзда, мазкур янги интерактив хизматлар биржа савдоларининг очиқ-ойдинлиги ва самарадорлигини таъминлашда “ЎзРТХБ” ОАЖ томонидан амалга оширилган навбатдаги қадами ҳисобланади.

Курилди: 18523