Биржанинг электрон ярмарка майдончасидаги сотувлар бир триллион сўмдан ортди | Новости

31 Дек 2014

2014 йилнинг 26 декабрь ҳолатига кўра “ЎзРТХБ” АЖнинг кўргазма-ярмарка платформасида ўтказилган битимлар ҳажми 1 триллион сўмдан ортиб, ушбу электрон майдонда тарихий рекорд ўрнатилди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда кўргазма-ярмарка платформасининг айланмаси ҳар чоракда босқичма-босқич ошиб борди. Хусусан, 1 чоракда мазкур электрон тизим орқали умумий қиймати 174 млрд сўмга тенг товарлар сотилган бўлса, 4-чоракда ушбу кўрсаткич 311 млрд сўмни ташкил этди. 4-чоракдаги савдолар ҳажмининг ортишига Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари сотувчиларининг фаоллиги сабаб бўлди. Уларнинг биргаликдаги умумий улуши барча савдоларнинг 84 фоизини ташкил қилди.

Биржанинг интерет-аукционида машинасозлик, механик ускуналар ва станокларга харидорларнинг талаби юқори бўлди. Ушбу товар гуруҳининг умумий савдолардаги улуши 20%ни, савдодан тушган маблағ эса 205 млрд сўмни ташкил қилди. Кейинги ўринда 18% улуш билан қора металл прокати ва металл маҳсулотлари бормоқда.

Мазкур савдо платформасининг юқори ривожланиш даражаси миллий ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг онлайн режимидаги электрон савдоларга қизиқиши ортганлиги ва ҳозирги кунда Интернет аукционининг афзалликларидан тобора фаол фойдаланаётган маҳаллий корхоналарда ахборот коммуникация технологияларини кенг кўламда жорий этиш билан боғлиқдир.

Айни пайтда кўргазма-ярмарка платформаси тизимини такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Бунда фойдаланувчиларга уларнинг шахсий кабинетларини модернизациялаш орқали қўшимча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати


 

Кўрилди: 11774