1 ноябрь куни “ЎзРТХБ” АЖ марказий офисида шу йилнинг 9 ойи давомидаги биржа фаолияти якунлари, ҳамда йилнинг қолган даври учун вазифаларни белгилашга бағишланган Бошқарувнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказий аппаратнинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
Кўрилаётган давр ичида олиб борилган ишлар натижаларини муҳокама қилиш жараёнида 9 ой мобайнида биржа фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича ўсишга эришилганлиги қайд этилди. Хусусан, биржанинг барча савдо платформаларида амалга оширилган битимларнинг ҳажми 6,5 трлн сўмни ташкил қилиб, бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 27 фоизга ортиқ деганидир. Бу орада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан аввалги йилга нисбатан икки баробарга ортиқ, яъни 1,2 трлн сўмга тенг маҳсулот сотилди.
Ҳисобот даврида биржа битимларининг ҳажми 20 фоизга ўсди ва 5,2 трлн сўмни ташкил қилди. Биржа бозорининг битимлар умумий ҳажмилаги улуши 85 фоизга пасайиб, бу биржада кўргазма-ярмарка ва аукцион савдоларнинг тез сурьатлар билан ривожланиб келаётганлигидан далолат беради. Хусусан, кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми 49,5 фоизга ёки 689,8 млрд сўмгача ошди. Биржа ва кўргазма-ярмарка савдолари орқали амалга оширилган умумий экспорт 21,6 фоизга ўсиб, 311,3 млрд сўмни ташкил қилди.
Давлат харидлари тизимида 11,7 фоизлик ўсиш кузатилиб, умумий қиймати 339,4 млрд сўмга тенг 193 дан ортиқ битимлар тузилди. Бунда бюджет маблағлари тежалиши 82,2 млрд сўм ёки харидларнинг бошланғич қийматига нисбатан 19,5 фоизга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича етказиб берилган товарлардаги улуши 97,5 фоизни, ва савдоларнинг умумий ҳажмидан эса 98,3 фоизни ташкил этди.
Корпоратив харидлар бўйича электрон савдолар ҳажми 263,2 млрд сўмни, пул маблағларини тежалиши эса – 49,4 млрд сўм ёки амалга оширилган битимлар умумий қийматида 15,8 фоиздан иборат бўлди. Кўрилаётган даврда корпоратив харидлар бўйича электрон аукцион савдо тизимида қарийб 3 мингта буюртмачи ва 9 мингдан ортиқ етказиб берувчи аккредитация қилиниб, улардан 93 фоизи кичик бизнес субъектларидир. Жумладан, кичик бизнеснинг корпоратив харидлар бўйича маҳсулотлар етказиб беришдаги улуши тузилган битимлар сонида 96 фоиз ҳамда уларнинг умумий қийматида 95,5 фоизга етди.
Йиғилиш якунида 2014 йилнинг тўртинчи чораги учун биржанинг барча савдо платформаларида амалга оширилётган битимларнинг юқори ўсиш кўрсаткичларини таъминлаш, давлат ва корпоратив харидлар бўйича буюртмачилар ва етказиб берувчилар иштирокини фаоллаштириш, биржа, кўргазма-ярмарка ва аукцион савдоларга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этишга оид вазифалар белгилаб олинди.
Курилди: 15090