ЎзРТХБда ҳафталик савдо ҳажмлари 200 млрд сўмдан ошди | Новости

20 Ноя 2014

Икки хафталик танаффусдан сўнг ЎзРТХБда ижобий динамика тикланмоқда. Хусусан, 10-16 ноябрь кунлари биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 30,7 фоизга, яъни 209,3 млрд сўмгача кўтарилди. Ушбу ўсиш бир ҳафта давомида бир ярим каррага ошган биржа савдолари эвазига эришилмоқда.

Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган давр ичида сотувчи корхоналар фаолияти фаоллашуви натижасида биржа савдоларининг ҳажми 108,4 млрд сўмдан 172,3 млрд сўмгача ўсди. Сотувларнинг ўсиши биржанинг деярли барча товар сегментларида қайд этилмоқда. Улар орасида энг юқори ўсишни озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун емлар намоён этганлар. Шу боис ушбу товар гуруҳларининг умумий улушлари 12 фоиздан 32 фоизгача кўтарилди. Бошқа товар позициялари сотилишининг ўсиши ўртача 33 фоиз атрофида.
Экспорт битимларининг ҳажмлари эса, аксинча кескин пасайиб, 116,9 минг АҚШ долларига тенг. Бунда, валюта савдо майдончаси орқали иккита экспорт позициялари сотилди, шу жумладан полиэтилен – 75% ва аммиак селитраси – 25%. “Шўртон ГКК” УШК ва “Максам Чирчиқ” АЖ ушбу маҳсулотларнинг сотувчиси сифатида савдоларда иштирок этдилар.

Кўргазма-ярмарка савдолари
Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми аввалги ҳафтада рекорд даражага чиқиб олганидан сўнг, 23,9 млрд сўмгача пасаймоқда. Бироқ фаол савдо иштирокчиларининг сони 202 тадан 233 та ташкилотларгача ўсди ва улар томонидан олдинги ҳафтага нисбатан 473 тага кўпроқ битимлар тузилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан сотилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 11,3 млрд сўмни ташкил этди.
Пойтахт ҳудуди тузилган битимларнинг сони бўйича ўзининг натижасини яхшилаб, иккинчидан ўриндан биринчи поғонага чиқиб олди. Иккинчи муҳим натижа Бухоро филиалининг савдо иштирокчилари томонидан қайд этилди ва учталикни Фарғона филиали ёпмоқда. Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали эгаллади. Кейинги ўринларда Бухоро ва Наманган филиаллари жойлашишди.
Сотилган товарларнинг таркибий тузилмаси деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Хусусан, пешқадамлик қилиб келаётган товар гуруҳларининг рўйхатига қўйидагилар кирди: машинасозлик маҳсулотлари – 8,1 млрд сўм, металлургия маҳсулотлари – 5,6 млрд сўм ва нефть маҳсулотлари – 4,0 млрд сўм.

Давлат харидлари
Ўтган ҳафтада давлат харидлари тизимида 4 645 та 8,0 млрд сўмлик битимлар тузилди, маблағларнинг тежалиши 1,9 млрд сўмни ташкил этди. Электрон савдоларда 2 151 та бюджет маблағини олувчилари ва 897 та етказиб берувчилар иштирок этдилар. Тузилган битимларнинг ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 97 фоиздан ошди.
Тузилган битимларнинг сони бўйича Андижон етказиб берувчилари Фарғона вилояти етказиб берувчиларини иккинчи ўринга тушириб, биринчи поғонани эгаллаб олдилар. Етакчилар учталигини Наманган вилояти ёпмоқда. Битимларнинг қиймати бўйича энг яхши натижани ҳар доимгидек пойтахт етказиб берувчилари намоён этдилар. Ушбу рейтингдаги иккинчи ўринни Андижон вилояти етказиб берувчилари, учинчи поғонани эса аввалигидек Фарғона етказиб берувчилари эгалладилар.
Электрон савдолар давомида камуфляж киймларини етказиб бериш бўйича иккита энг йирик битимлар тузилди. Ушбу битимларнинг ҳар бирини ҳажми 186,7 млн сўмни ташкил этмоқда. Энг катта тежалиш компьютерлар учун столларни етказиб бериш битимида қайд этилди – 30,0 млн сўм. Энг кўп қарши таклифлар чойшабларни етказиб бериш ва компьютерларни таъмирлаш хизмати бўйича келиб тушди. Ушбу талабномаларнинг ҳар бирига 30 та қарши таклифлар берилган.

Корпоратив харидлар
Ўтган ҳафтада корпоратив электрон харидлар тизимида умумий қиймати 5,0 млрд сўмга тенг 283 та битим амалга оширилиб, бу аввалги ҳафтадаги кўрсаткичдан 2,6 млрд сўмга кам деганидир. Шунга қарамай, буюртмачиларнинг молия маблағлари тежилиши 790,7 млн сўмдан 953,9 млн сўмгача ошиб, улар битимлар ҳажмининг 16 фоизини ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг амалга оширишган битимларнинг умумий ҳажмидаги улуши 96,2 фоизга етди.
Бошланғич баҳони пасайтириш бўйича ўтказилган аукцион савдолар давомида ҳар бир талабнома бўйича ўртача 5 та ва ундан кўп таклифлар келиб тушган ва уларнинг энг кўп сони эса 26 гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битими 202,8 млн сўм қийматида Хоразм вилоятида тузилди.
Ўтган ҳафта мобайнида ҳудудларнинг таркибий тузилмасида Тошкент ва Тошкент вилоятининг улуши 60% га тенг бўлди. Кейинги ўринларда анъанавий тарзда Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари жойлашиб, уларнинг улушлари мос равишда 8 ва 7 фоизларни ташкил этди.

 

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Курилди: 12890