2014 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси томонидан электрон харидлар бўйича ўтказиладиган электрон-аукцион савдоларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ва уларда кичик бизнес субъектлари иштирокини аҳамияти” мавзусида матбуот анжуманини ўтказдилар.
Ушбу тадбирда Давлат рақобат қўмитаси ва унинг таркибий тузилма ташкилотлари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг масъул ходимлари ва мутахассислари, ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Республикада электрон харидлар тизимини янада ривожлантириш, электрон шаклдаги корпоратив харидлар тизимига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш, уларни амалга оширишда рақобатни ривожлантириш ва ошкораликни таъминлаш, табиий монополиялар субъектлари товарлари ҳамда хизматлари нархларини мақбуллаштириш мақсадида, 2013 йилнинг 5 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1948-сонли “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарорда олдинга қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 июндаги 166-сонли “Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорлар билан табиий монополиялар субъектлари, давлат улуши устувор бўлган корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ишчи органининг асосий вазифалари, функциялари ва унинг ишини ташкил этиш тартибини белгиловчи Давлат улуши устувор бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ишчи органи тўғрисида ва Ўзбекистон республика товар хомашё биржасида бошланғич нархни пасайтириш юзасидан электрон харидларни аукцион савдолар шаклида ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи Ўзбекистон республика товар хомашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомлар тасдиқланди.
Электрон корпоратив харидлар механизими жорий этилиши монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва устав фондида 50 фоиздан ортиқ давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни харид қилиниш жараёнини очиқ-ошкоралигини таъминлаш имкониятини яратмоқда. Бунда харид қилинаётган товар ва хизматларнинг нархлари етказиб берувчилар ўртасидаги соф рақобат шароитида шаклланмоқда. Етказиб берувчиларнинг аксарият қисмини эса кичик бизнес субъектлари ташкил этиб, улар иқтисодиётимизнинг ушбу секторида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, нархларни манипуляция қилишни олдини олиш, ҳамда улар устидан олиб бориладиган давлат ва жамоат назорати самарадорлигини оширишга кўмаклашмоқдалар.
Шунингдек, электрон корпоратив харидлар тизимида рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларига тўлиқ амал қилинишини таъминлаш мақсадида, буюртмачи корхоналар томонидан рақобатни чекловчи талабларни киритиши тақиқланиши белгилаб қўйилган. “ЎзРТХБ” АЖнинг махсус ахборот портали ушбу электрон тизимни “он-лайн” режимида фаолият кўрсатишини таъминлайди, бунда соф рақобат шароитларида энг паст нархларни таклиф қилган тадбиркорлик субъектлари савдоларда ғолибликни қўлга киритиб, табиий монополия субъектлари, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар, ҳамда давлат унитар корхоналарининг ҳар бир шартнома бўйича миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача бўлган буюртмаларини бажариш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Электрон аукцион савдоларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, дастлабки эълон жойлаштирилишининг мажбурий талаби корпоратив харидлар учун 15 кун белгиланиши электрон савдолардаги буюртмаларга потенциал етказиб берувчилар сонини сунъий чеклаш имкониятини бермайди, ҳамда ғолибни аниқлаш электрон тизим ёрдамида автоматик равишда амалга оширилиши натижасида харидор-ташкилотнинг мансабдор шахслари томонидан нохолисликни вужудга келишини олдини олади, яъни улар етказиб берувчилар билан олдиндан келишиб олишига йўл қўймайди.
Эришилган натижалар хусусида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 9 ойлик даври мобайнида корпоратив харидлар бўйича ўтказилган электрон савдоларнинг ҳажми 263,2 млрд сўмни ташкил этди. Бошланғич нархларни пасайиши ҳисобига эришилган молиявий маблағларнинг тежалиши эса 49,4 млрд сўмни, яъни харидларнинг бошланғич қийматига нисбатан 15,8% ни ташкил этди. Бунга эса корпоратив харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдоларида иштирок этишдан буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг манфаатдорлигини ошиши эвазига эришилди. Хусусан, корпоратив харидлар электрон тизимида 3 мингта буюртмачилар ва 9 мингдан зиёд етказиб берувчилар аккредитациядан ўтган бўлиб, улардан 93%ни кичик бизнес субъектлари ташкил этади. Шунингдек, корпоратив харидлар бўйича тузилган битимларнинг сонидан 96% ва уларнинг умумий қийматидан 95,5% ҳам айнан кичик бизнес субъекларига тўғри келмоқда. Ушбу етказиб берувчилар тоифаси айниқса машинасозлик ва электротехника маҳсулотларини етказиб беришда юқори даражадаги фаолликни намоён этдилар.
Бугунги кунда корпоратив харидлар бўйича ўтказилаётган электрон савдолар давомида ҳар бир талабномага ўртача 5дан зиёд таклифлар келиб тушмоқда, айрим буюртмалар бўйича эса етказиб берувчилар 30дан зиёд ўз таклифларини бермоқдалар. Бу, ўз навбатида биржа томонидан корпоратив харидлар бўйича ташкил этилаётган электрон савдоларнинг самардорлиги ва ушбу бозорларда кучли рақобат шароитлари шаклланганлигидан далолат беради.
Корпоратив харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдолар йўналишидаги “ЎзРТХБ” АЖнинг истиқболдаги режалари буюртмачи ва етказиб берувчилар учун қўшимча қулайликларни яратиб бериш, шу жумладан биржанинг махсус ахборот порталидаги интерактив хизматлар рўйхатини кенгайтиришдан иборат.
Матбуот анжумани якунида Давлат рақобат қўмитаси ва Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар бердилар.
Курилди: 12794