Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди | Новости

27 Окт 2014

24 октябрь куни “ЎзРТХБ” АЖ марказий аппаратининг биносида саноат корхоналари, шу жумладан кабель-ўтказгич ва электротехника саноатида фаолиятини юритиб келаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирокида “очиқ эшиклар куни” ўтказилди. «Ўзэлтехсаноат» АЖ билан биргаликда ташкил этилган ушбу тадбирнинг ўтказилишидан мақсад давлат ва корпоратив харидлари бўйича савдо иштирокчиларига керакли маслаҳат бериш, ҳамда ушбу савдо платформаларни имкониятлари ва афзалликлари билан таништиришдир.

Ушбу учрашувда кабель-ўтказгич ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи "Дойче Кабель АГ Ташкент" АЖ ҚК, «HI-TECH KABEL» МЧЖ ҚК, "Узкабель" АЖ ҚК ва «FOTON» АЖларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида меҳмонлар етказиб берувчиларни аккредитация қилиш жараёни ва электрон савдолар тизимининг механизми билан танишиб чиқдилар. Бундан ташқари, давлат ва корпоратив харидлари электрон тизимида кабель-ўтказгич ва электротехника маҳсулотлари сегментининг афзалликлари ва истиқболлари тўғрисида ахборот слайдлари намоён этилди.

Жорий йилда ушбу сегментга тегишли маҳсулотларнинг сотилиш ҳажми 35,0 млрд сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ҳар ойда босқичма-босқич ўсиб бормоқда. Бироқ электрон савдолар давомида буюртмачиларнинг айрим талабномалари бўйича етказиб берувчиларнинг иштироки нисбатан паст даражада қайд этилмоқда. Шу боис кабель-ўтказгич ва электротехника маҳсулотларининг ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг вакилларига тизимда юқори талабга эга бўлган маҳсулотларнинг тоифалари тақдим этилди.

Семинар якунида етказиб берувчиларни аккредитация қилиш жараёнини соддалаштириш, буюртмачилар ва етказиб берувчиларни жавобгарликларини ошириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўқув маркази, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги “Давлат активларини бошқариш маркази” ва Савдо-саноат палатасининг вакиллари фаол иштирок этдилар.

Кўрилди: 13094