Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг Қўқон бизнес марказида доимий саноат ярмаркасини очилиши бўлиб ўтди | Новости

20 Окт 2014

2014 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг Қўқон бизнес марказида “Доимий саноат ярмаркаси”ни тантанали очилиши бўлиб ўтди. Доимий саноат ярмаркасининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси, Фарғона вилояти хокимлигининг масъул ходимлари ва мутахассислари, тадбиркорлар, ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда 70дан зиёд тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектлари ўзлари ишлаб чиқарадиган товарлар намуналарини бундан буён доимий асосда ўтказиладиган саноат ярмаркаси иштирокчилари учун намойиш этдилар. Шу жумладан, ярмаркада тақдим этилган товарлар қаторида – тўқимачилик, кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳунармандлик буюмлари.

Ярмарканинг расмий очилиш маросими якунлангандан сўнг матбуот анжумани ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йилнинг 31 майдаги 254-сонли “Товар-хомашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан ўтказиладиган кўргазма-ярмарка савдоларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуман давомида республикамизда электрон савдолар тизимини янада ривожлантириш, электрон шаклдаги савдо тизимларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш, уларни амалга оширишда рақобатни ривожлантириш ва ошкораликни таъминлаш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Республика товар-хомашё биржасида Кўргазма-ярмарка савдолари сўнги 10 йил давомида электрон шаклда ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Ушбу электрон савдо тизими тадбиркор ва товар ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотларни нафақат Ўзбекистон Республикаси бўйлаб сотиш, балки хориж мамлакатларига ҳам экспорт қилиш имконини беради. Биржанинг мазкур савдо платформасида тадбиркор ва ишлаб чикарувчилар ўзларининг офисларидан чиқмай туриб, ҳамда интернет тармоғига уланган ҳолда, электрон савдоларида бевосита иштирок этишлари мумкин. Шунингдек тизимга уланиш ва рўйхатдан ўтиш бепул ва ортиқча қийинчиликсиз амалга оширилади. Яъни савдо тизими унинг иштирокчилари учун имкон қадар қулай шароитларни яратиб беради.

Эришилган натижалар хусусида шуни таъкидлаш лозимки, 2004-2013 йиллар давомида кўргазма-ярмарка савдоларининг тармоғида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 6 маротабага ошиб, 2013 йилда 693,9 млрд сумни ташкил этган. 2012 йилга нисбатан ўсиш сўнги йиллар учун энг юқори бўлиб, 60,2% ни ташкил этди. Интернет-аукцион савдолари орқали экспорт қилинган маҳсулотларнинг умумий ҳажми эса 69,0 млрд сўмга етди. Савдо иштирокчиларининг сони 2004 йилга нисбатан 71 фоизга ўсиб, 2 829-тани ташкил этди. Бу эса республикамизда ахборот коммуникация технологияларининг кундан кунга ривожланиб бораётган бир пайтда интернет-аукционларга миллий ишлаб чиқарувчилар ва айниқса тадбиркорлик субъектлари томонидан билдираётган қизиқишлари тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек, Қўқон бизнес марказида ташкил этилаётган “Доимий саноат ярмаркаси” миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга, ҳамда электрон савдолар ҳажмининг янада юқори суъратлар билан ўсиши, уларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кенгроқ иштирок этиши ва пировард натижасида вилоятда инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшиланишига хизмат қилади.

Матбуот анжумани якунида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ва Фарғона вилояти хокимлигининг масъул ходимлари ва мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар бердилар.
 

Курилди: 15948