Бир ҳафтада ЎзРТХБ сотувлар ҳажми бир ярим карра ўсди | Новости

16 Окт 2014

Ўтган ҳафтада ЎзРТХБнинг электрон савдо платформаларида ўсиш динамикаси тикланди. 6-12 октябрь кунларида биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 112,8 млрд сўмдан 177,5 млрд сўмгача, яъни олдинги ҳафтага нисбатан бир ярим маротабага ўсди. Ушбу ўсишнинг асосий омили биржа савдолардаги кескин жонланиш бўлди.

Биржа савдолари
Ўтган ҳафтада биржа товарларининг сотилиши пасайишдан сўнг сезиларли даражада кўтарилди. Хусусан, тузилган битимларнинг ҳажми олдинги ҳафтага нисбатан 82,7 млрд сўмдан 147,2 млрд сўмгача ошди. Бунда биржанинг ҳар бир товар сегментида ўсиш кузатилди. Шу жумладан суюлтирилган газ ва полиэтиленнинг сотилиш ҳажмлари икки карра ошганлиги натижасида уларнинг умумий улушлари 16% дан 25% гача кўтарилди. Шу билан бирга рангли металларнинг сотилиши ҳам ўсиб, улар бозорнинг 9%ни эгаллашди. Бошқа товар позицияларининг ўртача ўсиш даражаси 48% атрофида бўлди.
Экспорт йўналишида катта ўзгаришлар қайд этилмади. Валюта савдо майдончасида тузилган битимларнинг ҳажми атиги 517,4 минг АҚШ долларидан 570,8 минг АҚШ долларигача кўтарилди. “Муборак ГҚИЗ” УШК экспортга 495,8 минг АҚШ долларига 1,1 минг тонна суюлтирилган газни экспорт қилди ва бу бозорнинг 87% ни ташкил этади. Мотор мойи ва цементнинг улушлари мос равишда 11% ва 2%ни ташкил этмоқда.

Кўргазма-ярмарка савдолари
Ўтган ҳафтада кўргазма-ярмарка савдолари тизимида тузилган битимларнинг умумий қиймати 5%га қисқариб, 14,3 млрд сўмни ташкил этди. Ўз навбатида кичик бизнес субъектлари томонидан сотилган маҳсулотларнинг қиймати 6,3 млрд сўмдан 9,5 млрд сўмгача ошди.
Тузилган битимларнинг сони бўйича ўз етакчилигини Бухоро, Тошкент ва Қашқадарё филиаллари сақлаб олдилар. Битимларнниг қиймати бўйича эса биринчиликни аньанага қўра Тошкент филиали эгалламоқда. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса Қашқадарё ва Бухоро филиаллари эгаллашди.
Ҳафтанинг энг ликвид маҳсулотлари қаторига биринчи ўринда машинасозлик маҳсулотлари кириб, уларнинг ҳажми 4,9 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу рейтингни иккинчи ўрнини енгил саноат маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг ҳажми 2,3 млрд сўмни ташкил этди. Етакчилар учталигини 1,5 млрд сўмлик ҳажм билан металлургия маҳсулотлари якунламоқда. Ҳафтанинг энг йирик битими Қашқадарё филиалида тузилиб, унинг ҳажми 1,7 млрд сўмни ташкил этди.

Давлат харидлари
Ҳафта давомида давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон аукцион савдолар иштирокчилари фаолликни сусайтирдилар. Харидлар ҳажми 5,6%га, яъни 9,7 млрд сўмгача, уларнинг сони 5 192-та битимгача қисқарди. Бунда бюджет маблағларининг тежалиши 2,3 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг харидларнинг умумий ҳажмидаги улушлари деярли 99%га етди.
Тузилган битимлар бўйича энг яхши натижани Наманган вилоятининг етказиб берувчилари намоён этдилар. Иккинчи ўринга Самарқанд вилоятининг етказиб берувчилари чиқиб олдилар ва учинчи ўринни эса Фарғона етказиб берувчилари сақлаб қолдилар. Битимларнинг қиймати бўйича эса етакчилар қуйидагича жойлашдилар: Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилояти етказиб берувчилари.
Ҳафтанинг энг йирик битими Фарғона шаҳрида 223,1 млн сўмга генераторни етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича қайд этилди. Рақобатга бой савдолар Гулистон шаҳрида қайд этилиб, электр жиҳозларни профилактик синаш бўйича берилган талабномага 33та таклифлар берилди.

Корпоратив харидлар
Корпоратив харидлар тизимида барқарорлик ҳукм сурмоқда. Ўтган ҳафтада харидларнинг ҳажми атиги 9,2 млн сўмга ошиб, 6,3 млрд сўмни ташкил этди. Пул маблағларини тежалиши 733,3 млн сўмга тенг бўлиб, бу харидларнинг бошланғич баҳосидан 10,4%ни ташкил этади.
Бошланғич баҳони пасайтириш бўйича ўтказилган аукцион савдолар давомида савдо иштирокчилар 313-та битим тузишган, улар бўйича ўртача 4-та ва ундан кўп таклифлар келиб тушган ва уларнинг энг кўп сони эса 28гача етган. Ҳафтанинг энг йирик битими ҳажми 375,6 млн сўмга тенг бўлиб, у Тошкент вилоятида тузилган.
Вилоятлар кесимида ҳам катта ўзгаришлар қайд этилмади. Тошкент ва Тошкент вилоятининг улуши 67%дан 59%гача камайиб, бу ҳолат бошқа вилоятларнинг позицияларини мустаҳкамланиши билан боғлиқ бўлди. Хусусан Бухоро вилоятининг улуши 4%дан 16%гача, Фарғона вилоятининг улуши эса 1%дан 7%гача кўтарилди. Қашқадарё вилояти ҳам бозорнинг 7%ни эгалламоқда. Савдолар ҳажми бўйича энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятига тўғри келмоқда.

 

Курилди: 16754