- Давлат хариди нима?
Ўзбекистон Республикасининг 9 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунида келтирилганидек, давлат хариди – товар (иш/хизмат)ларни давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш. Электрон давлат харидлари — электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби махсус ахборот порталининг дастурий-техник комплекси орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат харидларини амалга ошириш усули. Давлат буюртмачиси эса давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахсдир.
- Давлат харидларининг асосий принциплари нималардан иборат?
Давлат харидларининг асосий принциплари – давлат буюртмачисининг касбий маҳорати, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлик ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, тортишув ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик ҳисобланади. Бу принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши зарур.
- Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали нима?
Махсус ахборот портали – операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек, электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайт, махсус электрон платформа.
- Давлат харидларида махсус ахборот портали оператори қандай функцияни бажаради?
Махсус ахборот портали оператори – давлат харидларининг субъектларига харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш, порталга эълонларни, буюртманомаларни ҳамда давлат харидлари ва уларнинг якунлари тўғрисидаги бошқа ахборотни жойлаштиришбилан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи махсус ваколатли юридик шахс.
- Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган қайси?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органдир. Ваколатли орган давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.
- Кимлар давлат буюртмачилари бўла оладилар?
Давлат буюртмачилари 2 гуруҳга ажратилган: бюджет буюртмачилари ва корпоратив буюртмачилар. Бюджет буюртмачилари – давлат органлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари. Корпоратив буюртмачилар – давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар.
- Буюртмачи сифатида давлат харидларида иштирок этмоқчиман. ЎзРТХБ нинг расмий сайти орқали қай тартибда рўйхатдан ўтаман?
Маълумки, давлат харидларининг буюртмачилари шартли равишда икки гуруҳга ажратилган. Булар бюджет буюртмачилари ва корпоратив буюртмачилар. Агар Сиз Бюджет буюртмачилари гуруҳига мансуб бўлсангиз, электрон давлат харидлари тизимида биржа ва Молия вазирлиги билан йўлга қўйилган ахборот алмашинуви эвазига автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиласиз. Бюджет буюртмачиси давлат харидлари тизимида рўйхатдан ўтгандан кейин, ташкилот номига биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатасида ҳисоб варақ очилади.
Агар Сиз корпоратив буюртмачилар гуруҳига мансуб бўлсангиз, электрон давлат харидлари тизимида рўйхатдан ўтиш учун биржанинг расмий вебсайти - uzex.uz’га кирасиз, сайтнинг ўнг томонида баннерлар орасида “Мижозларни барча савдо платформаларида рўйхатдан ўтказиш – Бир ойна” номли суратга босиб, openid.uzex.uz сайтига ўтасиз. Биржанинг барча савдо платформаларида рўйхатдан ўтишни кўзда тутувчи бош саҳифасида “Электрон рақамли имзо билан” доирасига белги қўясиз. Давлат харидларидаги корпоратив буюртмачи танланади. “Оферта билан танишдим ва қабул қиламан” катагига белги қўясиз.
Рўйхатдан ўтиш тугмасини боссангиз, кейинги саҳифада тўлдириш лозим бўлган маълумотлар очилади. Келтирилган қаторларни тўлдирасиз ва белги қўйиб, жўнатиш тугмасини босасиз. Шу билан рўйхатдан ўтиш жараёни якунланади ва Сизга Ҳисоб-китоб клиринг палатасида ҳисоб варақ очилади.
- Давлат харидлари тизимида аванс тўлови нима ва унинг миқдори қанча?
Аванс тўлови бу буюртмачи ва иштирокчи томонидан киритиладиган, операторнинг воситачилик йиғимларини ва томонларнинг закалатини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси. Ҳар икки тоифадаги буюртмачилар учун аванс тўлови бир хил, яъни комиссион йиғимлар 0,15 % ва лотнинг бошланғич нархидан 3 % қисмига тенг. Фарқи шундаки, корпоратив буюртмачилар комиссион йиғим ва аванс тўловини Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги иккиламчи ҳисоб варағига, бюджет буюртмачилари эса Ҳисоб-китоб клиринг палатасининг Молия вазирлиги ғазначилигидаги махсус шахсий ҳисоб варағига ўтказади.
- Электрон давлат харидларида буюртмачилар ва етказиб берувчилар иштирок этиши учун қандай қулайлик яратилган?
Энг асосий ва муҳим афзаллик шундаки, давлат харидлари бўйича барча операциялар Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда буюртмачининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Бу эса ЎзРТХБга келиш мажбуриятидан озод қилади, яъни давлат харидларида иштирок этишингиз учун қоғоз шаклидаги ҳужжатлар талаб этилмайди, барча операциялар – рўйхатдан ўтишдан тортиб то товарни сотиш ёки қабул қилиб олишгача бўлган жараён электрон тарзда амалга оширилади.
- Буюртмачилар махсус ахборот порталига режа жадвални қандай жойлаштирадилар?
Порталда барча эълонлар буюртмачининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Буюртмачилар ўз шахсий кабинетга киргач, “ЭЪЛОН ЖОЙЛАШТИРИШ” тугмаси босилади ва “Режа жадвал” банди танланади.
Режа жадвалда қуйидаги қаторлар очилади ва уларни тўлдириш талаб этилади:
- Мавсум (йил ёки чорак)
- Товар категорияси
- Буюртма номи
- Товар миқдори
- Ўлчов бирлиги
- Савдо ўтказилиш ойи
- Молиялаштириш манбаи
Давлат харидларини ўтказилиши тўғрисида эълон модерациядан ўтказилади. Лотда савдо бошланадиган ой кўрсатилиши шарт.
- Электрон дўкон орқали қандай харидлар амалга оширилади?
Электрон дўкон орқали харидларни амалга ошириш учун харид қилинадиган товар ва хизматлар бўйича чегаралар белгиланган:
- Товарлар бўйича бюджет буюртмачилари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача, корпоратив буюртмачилари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 250 бараваригача бўлган миқдорда харидни амалга оширилиши мумкин. Бу миқдор йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан ошиб кетмаслиги керак.
- Иш ёки хизмат бўйича бюджет буюртмачилар ҳам, корпоратив буюртмачилар ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача бўлган миқдордаги харидни амалга оширишлари мумкин.
- Электрон дўконда буюртмачи сифатида ўзимга зарур бўлган товарни қандай танлайман?
Давлат харидлари билан боғлиқ ҳар қандай операцияни амалга ошириш учун аввало, шахсий кабинетга киришингиз лозим. Шахсий кабинетга эса электрон рақамли имзо ёрдамида кирилади. Шахсий кабинетга киргач, “Товарлар каталоги” бўлими орқали фильтрдан фойдаланган ҳолда зарур товарни танлашингиз мумкин.
Қуйидаги параметрларга кўра қидирувни амалга оширишингиз мумкин:
- Товар рақами
- Товар категорияси
- Товар номи
- Товарни етказиб бериш ҳудуди
- Ўртача нарх бериш орқали
- Товар сонини кўрсатиш орқали
- Ишлаб чиқарилган мамлакат
Электрон дўконда зарур товарни танлагач, мазкур лотнинг барча параметрлари ва шартлари билан синчиклаб танишиб чиқишингиз керак. Агар товар барча талабларингизга мос келса, сиз нархлар сўрови механизмини фаоллаштиришингиз мумкин. Бунинг учун:
- Товар етказиб бериш ҳудуди
- Товар етказиб бериш тумани танланади
- Зарур партия миқдори киритилади
- Ҳисоб рақам аниқланади
- Ҳаражатлар моддаси танланади (бюджет буюртмачилари учун)
- “НАРХЛАР СЎРОВИ” тугмасини босган ҳолда, Нархлар сўрови механизмини фаоллаштиришингиз мумкин.
- Электрон дўконда Нархлар сўрови механизми қай тартибда ишлайди?
Буюртмачи шахсий кабинетга кириб, ўзига зарур товарни танлагач, нархлар сўрови механизмини ишга тушириши мумкин. Мазкур механизм ишга тушгач, электрон тизим бюджет буюртмачиси бўйича зарур маблағлар мавжудлигини тасдиқлаш учун талаб этилаётган тўловлар сўровномасини автоматик тарзда Молия вазирлигининг Ғазначилигига юборади. Ғазначилик томонидан маблағлар мавжудлиги тасдиқланганидан кейин, бюджет буюртмачиси аванс тўловини киритади ва савдо бошланади. Албатта, савдолар бошланиши учун Буюртмачи етарли аванс тўловларини киритиши лозим.
Савдолар жарёнида иштирокчилар 48 соат мобайнида лот бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин. 48 соат якунлангач, механизм энг паст нарх берган иштирокчини савдонинг ғолиби деб топади. Кейин буюртмачи ва ғолиб иштирокчи ўртасида шартнома автоматик тарзда уларнинг шахсий кабинетида электрон шаклда тузилади ва рўйхатга олинади. Агар иштирокчилардан ҳеч қайси бири нарх таклиф этмаса, буюртмачи ва офертани жойлаштирган иштирокчи ўртасида шартнома тузилади ва рўйхатга олинади.
- Буюртмачилар тўловни қай тартибда ўтказадилар?
- Шахсий кабинетда буюртмачи ва иштирокчи ўртасида шартнома расмийлаштирилгандан кейин, бюджет буюртмачиси 10 кун ичида Биржанинг Ғазначиликдаги махсус ҳисоб варағига пул ўтказади. Корпоратив буюртмачиси эса пул маблағини 10 кун ичида Биржанинг ҳисоб рақамига ўтказади.
- Биржа ижрочига шахсий кабинет орқали 100% тўлов қабул қилинганлиги тўғрисида хабар юборади.
- Ижрочи шартномада белгиланган муддат ичида ва унинг бошқа шартларига мувофиқ товарни етказиб беради.
- Товар қабул қилингач, буюртмачи 3 кун ичида Бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг автоматлаштирилган тизимининг дастурий комплекси орқали товарни тўлиқ ҳажмда қабул қилинганлиги тўғрисида хабар жўнатади.
- Шартнома бўйича маблағ Ҳисоб-китоб клиринг орқали, товар буюртмачига тўлиқ етказиб берилгандан сўнг ижрочига ўтказилади.
- Бюджет буюртмачилари тоифасида товар тўлиқ етказиб берилгач, 3 % закалат суммаси Ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан автомат тарзда бюджет буюртмачисининг тегишли шахсий ҳисоб варағига қайтарилади.
- Буюртмачининг сўрови бўйича менинг товарим танланган эди. Электрон дўкондаги савдо натижасида мен ғолиб бўлдим. Аммо буюртмачи белгиланган муддатда тўловни амалга оширмади ва мен товарни етказиб бермадим. Бундай ҳолларда буюртмачига нисбатан қандай чора кўрилади?
Белгиланган тартибга кўра, агар буюртмачи шартномада белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаса, унинг закалат маблағи 3 иш кунида Ижрочининг Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги ҳисоб варағига ўтказилади. Суд ёки Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ буюртмачи ёки ижрочининг закалати банддан ечилади ёки жарима сифатида зарар кўрган томонга ўтказилади.
16. Буюртмачилар электрон аукционда қай тартибда иштирок этади?
Буюртмачилар давлат харидларида иштирок этиш учун аввало, рўйхатдан ўтиши зарур ва шахсий кабинетга эга бўлади. Бюджет буюртмачилари dxarid.uzex.uz, корпоратив буюртмачилар exarid.uzex.uz сайтига киришлари лозим. Аукционда иштирок этиш учун буюртмачи xarid.uz сайтига кириб, “ЭЪЛОН ЖОЙЛАШТИРИШ” тугмаси босилади ва “Режа жадвал” банди танланади.
Режа жадвалда қуйидаги қаторлар тўлдирилади:
- Мавсум (йил ёки чорак)
- Товар категорияси
- Буюртма номи
- Товар миқдори
- Ўлчов бирлиги
- Савдо ўтказилиш ойи
- Молиялаштириш манбаи
Давлат харидларини ўтказилиши тўғрисида эълон модерациядан ўтказилади. Лотда савдо бошланадиган ой кўрсатилиши шарт.
17. Электрон аукционда иштирок этишнинг қандай талаби мавжуд?
Бюджет харидларининг қиймати бир шартнома бўйича қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробарига тенг миқдордан ошиб кетмаслиги керак. Корпоратив харидларда эса энг кам ойлик иш ҳақининг 5000 баробарига тенг миқдордан ошиб кетмаслиги керак. Ҳар бир лотга фақатгина битта товар жойлаштирилади.
18. Аукцион механизмида иштирок этиш қай тартибда амалга оширилади?
Аукцион механизми ҳар икки буюртмачи учун деярли бир хил. Буюртмачи зарур режа-жавдални танлаган ҳолда аукцион ўтказилиши ҳақида эълон жойлаштиради. Бунинг учун шахсий кабинетнинг “Эълон жойлаштириш” бўлимига кириб, қуйидаги қаторлар тўлдирилади:
- Режа жадвал танлаш
- Товар категорияси
- Товар номи
- Товар сони
- Ўлчов бирлиги
- Бир дона учун бошланғич нарх
- Батафсил маълумот
- Алоҳида шароитларни танлаш (рухсат тусидаги ҳужжатлар мавжудлиги)
- Етказиб бериш муддати
- Электрон почта
- Телефон/факс рақами
- Етказиб бериш манзили
- Зарур бўлганда файл ёки расмни юклаш
Бюджет буюртмачилари қўшимча тарзда қуйидаги қаторларни ҳам тўлдиришлари шарт:
- Ҳаражатлар моддасини танлаш.
- Буюртмачининг Ғазначиликдаги ҳисоб рақамини танлаш.
Киритилаётган барча маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигига буюртмачи масъул.
19. Аукцион қай тартибда амалга оширилади?
Дастлаб лот модерацияга қўйилади. Модерация жараёни муваффақиятли ўтгач, Электрон тизим бюджет буюртмачиси бўйича зарур маблағлар мавжудлигини тасдиқлаш учун талаб этилаётган тўловлар сўровномасини Молия вазирлигининг Ғазначилигига юборади. Корпоратив буюртмачилар Лотни электрон тизимда фаоллашиши учун модерациядан ўтиши ва етарли миқдордаги маблағ аванс тўлови сифатида Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги шахсий рақамга ўтказилиши кифоя. Ҳар икки йўналишда ҳам порталга жойлаштирилган лот 10 кун давомида фаол бўлади. Шу вақт мобайнида иштирокчилар бошланғич нархни босқичма-босқич пасайтириб бориш тизимида нарх таклиф қиладилар. Савдода лотнинг бошланғич нархи 2% миқдордан тушириб борилади. Буюртмачи товарга нарх таклиф бериш жараёнида иштирокчи томонидан таклиф этилган нарх берилган охирги нархдан 15% ва ундан паст миқдорда бўлса, охирги ва таклиф этилган нарх ўртасидаги фарқли қийматда закалат киритилади. Қўшимча закалат бўлмаган тақдирда бу таклиф автоматик тарзда электрон тизим томонидан рад этилади. Аукцион якунида электрон тизим автоматик тарзда энг паст миқдорда берилган нарх эгасини аукцион ғолиби, деб топади. Аукционнинг якунланиш муддати фақат биржанинг иш кунлари ва вақтларига тўғри келади. Аукцион натижасига мувофиқ буюртмачи ва етказиб берувчининг шахсий кабинетида электрон шаклда шартнома тузилади ва расмийлаштирилади. Шартномани “Битимлар реестри”дан топиш мумкин. Буюртмачи ва иштирокчи ўртасида электрон рақамли имзо ёрдамида тузилган битим ҳақиқий деб ҳисобланади. Агар аукционда бир иштирокчи ёки умуман ҳеч ким иштирок этмаса, аукцион ўтказилмаган, деб ҳисобланади. Бундай ҳолларда буюртмачи 3 кун ичида аукционни 5 кунга узайтиради.
20. Бюджет буюртмачиси аукцион орқали иштирокчи билан шартнома расмийлаштиргандан кейин, тўлов қай тартибда амалга оширилади?
Шартнома расмийлаштирилгандан кейин бюджет буюртмачиси 10 кун ичида Биржанинг Ғазначиликдаги махсус ҳисоб варағига пул ўтказади. Биржа ижрочига шахсий кабинет орқали 100% тўлов қабул қилинганлиги тўғрисида хабар юборади. Ижрочи шартномада белгиланган муддат ичида ва унинг бошқа шартларига мувофиқ товарни етказиб беради. Товар қабул қилингач, буюртмачи 3 кун ичида Бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг автоматлаштирилган тизимининг дастурий комплекси орқали товарни тўлиқ ҳажмда қабул қилинганлиги тўғрисида хабар жўнатади. Шартнома бўйича маблағ Ҳисоб-китоб клиринг орқали, товар буюртмачига тўлиқ етказиб берилгандан сўнг ижрочига ўтказилади. Товар тўлиқ етказиб берилгандан сўнг 3% закалат суммаси Ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан автомат равишда бюджет буюртмачисининг тегишли шахсий ҳисоб варағига қайтарилади.