Жорий йил 10 октябрда “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида оммавий ахборот воситалари иштирокида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон филиалига пресс-тур ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон филиали фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Тадбирда журналист ва тадбиркорлар билан ўтказилган жонли мулоқот ўтказилиб, биржа савдоларини ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, уларга 2022 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-430-сон қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Таъкидланганидек, Қарорининг ижросини таъминлаш доирасида хорижий экспертлар ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Узбекистон республика товар-хом ашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.
Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари ва электрон тижорат савдо тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 июндаги 227-сон қарорига мувофиқ жорий йил 3 июлдан бошлаб 2023 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали сотила бошлади.
Маҳаллий ғалла етиштирувчи фермерлар ва ғаллачилик кластерлари ўз маҳсулотларини бозор тамойиллари асосида эркин сотишмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириб, мазкур бозорда рақобат муҳитини яратиб бермоқда.
Ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларни амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.
Сентябрь ойида кузатилган локал кўринишдаги тебранишларга қарамасдан биржанинг буғдой ва ун бозорларида ҳам барқарорлик сақланмоқда. Мисол учун, 19-29 сентябрь кунлари буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 001,0 минг сўмдан 2 889,5 минг сўмгача, уннинг нархи эса – 4 522,1 минг сўмдан 4 099,9 минг сўмгача пасайди.
Янгиликлар, шунингдек, электрон тижорат соҳаси, шу жумладан биржанинг авторақамларни сотиш бўйича электрон савдо тизимида ҳам жорий этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июндаги 253-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали сотиладиган авторақамларнинг бошланғич нархларига ўзгартиришлар киритилди.
Бундан ташқари, онлайн-аукционда харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш муддати 10 кундан 30 кунгача узайтирилди.
Онлайн-аукцион давомида сотилмасдан қолган авторақамлар кейинги 5 кун давомида биржанинг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимига автоматик тарзда такроран қўйилади.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари биржа филиалининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга филиалнинг биржа савдоларини ташкиллаштириш бўлими, ҳисоб-китоб клиринг палатаси ва электрон тижорат бўлимларида кундалик амалга ошириладиган ишлар батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, мижозларга сифатли маслаҳат бериш ва хизмат кўрсатиш учун биржа замонавий технологик воситалар, шу жумладан алоҳида компьютер ускуналари ва ахборот мониторлари ҳамда узлуксиз электр манбаи билан жиҳозланган.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 34 та савдо майдончалари, 86 та брокерлик идоралари ва қарийб 167 та трейдерлар фаолият юритади.
2023 йил 9 ойида филиалда ўтказилаган электрон савдолар натижасида жами 4,1 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 67% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Қорақалпоғистон вилоятида тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн-аукционларда иштирок этиш тартибларини батафсил тушунтирдилар.
Биржа савдолари ва электрон тижорат савдо тизимларининг шаффофлигини таъминлашда биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа медиа ресурсларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, биржанинг uzex.uz вебсайтида фойдаланувчилар биржа фаолияти ва хизматларига доир барча маълумотларни олишлари мумкин.
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Пресс-турда матбуот ходимлари биржанинг савдо залида электрон биржа савдоларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Биржа брокерлари тадбир иштирокчиларига брокерлик идорасини очиш тартиби ва трейдерларнинг кундалик иш фаолияти билан тушунтирдилар.
Пресс-тур ва давра суҳбати давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Курилди: 2807