“ЎзРТХБ” АЖ онлайн-аукционида биринчи мобиль телефон рақами сотилди | Новости

11 Июн 2019

2019 йил 11 июнда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг ахборот тизимида чиройли сонлар комбинациясига эга мобиль телефон рақамини сотиш бўйича илк битим тузилди.

Ўтказилган электрон савдо натижасига кўра “ЎзРТХБ” АЖнинг mobilraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукцион орқали «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) уяли алоқа операторининг (+998 93) 577-88-88 биринчи мобиль рақами сотилди.

Ушбу лот жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент шаҳар жисмоний шахслари учун савдога қуйилган эди. Рақобатли тартибот жараёнида савдо иштирокчилари бир неча маротаба ўз нарх таклифларини беришди. Натижада бошланғич баҳоси 4 000 000 сўмлик мобиль рақамнинг сотилиш қиймати 5 360 000 сўмгача ўсди. Ўсиш даражаси бошланғич нархга нисбатан 34%ни ташкил этди.

“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот тизимида электрон аукционни ўтказиш тартибига мувофиқ савдо ғолиби 5 кун мобайнида тузилган битим бўйича молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаши ва кейинги 10 кун давомида рақамни «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) офисида расмийлаштириши керак.

Айни пайтда «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) республиканинг барча ҳудудлари учун пуллик тоифадаги мобиль рақамларини биржанинг электрон савдо тизимига қўйиб бормоқда. Электрон савдода иштирок этиш учун биржанинг mobilraqam.uzex.uz вебсайтида рўйхатдан ўтиши ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига гаров маблағини киритиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, “ЎзРТХБ” АЖ ахборот тизимида ўтказиладиган онлайн-аукционларни якунланлаш муддати сотувчининг талабномаси қўйилган пайтдан бошлаб энг камида уч иш кунини ташкил этади. Аукционларни якунланишига қадар қарши таклифлар келиб тушса, аукцион савдо қўшимча 10 дақиқага узайтирилади, савдолар босқичи сотувчи томонидан белгиланади.

Источник : Пресс-служба АО УзРТСБ

Курилди: 22591