Цементнинг биржадаги нархлари ўртача 17% га камайди | Новости

30 Янв 2018
“ЎзРТХБ” АЖ да ўтказилган сўнгги биржа савдо натижаларига кўра, цементнинг турли маркали бўйича шаклланган ўртача нархлар сезиларли даражада пасайди. Хусусан, охирги 10 савдо кунларида ПЦ М-400 Д-20 маркали цементнинг котировкалари 16% га, яъни бир тоннаси учун 606,9 минг сўмдан 510,3 минг сўмгача, ППЦ М-400 – 18,5% га, бир тоннаси учун 599,2 минг сўмдан 488,0 минг сўмгача, ППЦ М 400 КД 20 – 19,4% га, бир тоннаси учун 606,3 минг сўмдан 488,4 минг сўмгача тушди. Цементнинг барча маркалари бўйича биржада шаклланган нархларнинг пасайиши ўртача 17% ни ташкил этди. Шунингдек, биржа савдо сессиялари давомида цементнинг энг бозорбоп маркалари учун шаклланган нархларнинг минимал қийматлари бир тоннаси учун 415-435 минг сўм диапазонида қайд этилди.
 
Трейдерлар ва бозор мутахассисларининг фикрларига кўра, мазкур қурилиш материали бўйича биржада шаклланган нархларнинг камайишига бир қатор бозор омиллари ўз таъсирини ўтказган. Биринчидан, кўрилаётган даврда ПЦ М-400 Д-20 цементининг биржа савдоларига қўйилаётган кунлик ҳажмлари ўртача 30% га ошди ва 13,7 минг тоннани ташкил этди, ППЦ М-400 маркали цементнинг кўрсаткичи 12% га ёки 8,3 минг тоннагача ўсди, ППЦ М-400 КД-20 нинг ҳажми – 9,4% га кўпайди ва 5,8 минг тоннани ташкил этди.
 
Бозорда нарх пасайиш тенденцияси шаклланишининг бошқа сабабларидан бири бу заводлар томонидан цементнинг биржа савдоларига қўйилишида унинг бошланғич нархини камайиши бўлди. Яъни, барча маркали цементларнинг бошланғич нархи ўртача 20% га қисқартирилди. Шунингдек бозорга мавсумий талабнинг пасайиши ва ноқулай об-ҳаво шароитларини келиб чиқиши нисбатан кам даражада таъсир ўтказди.
 
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479 сонли "Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, цемент ва бошқа алоҳида турдаги маҳсулотларни импортерларига божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз берилган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно). Бу эса, ўз навбатида бозорларда асоссиз нархларнинг ошишинини олдини олишга кўмак бермоқда.
 
Умуман олганда жорий йилнинг бошидан бери биржа савдолари орқали 487,8 минг тонна цемент сотилган. Шу жумладан, ПЦ М-400 Д-20 нинг цементнинг биржа бозоридаги улуши 31,5% ни, ППЦ М 400 24,9% ни ва ППЦ М-400 КД-20 16% ни ташкил этди.
 
Цемент ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотларни сотишда самарали бозор механизмларини кенг жорий этилиши товар бозорларида кейинчалик ҳам ижобий конъюнктурани сақлаб қолишга имкон беради.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 49814