Битим

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан

Туркманистон Давлат товар-хом ашё биржаси ўртасида

ҳамкорлик тўғрисида

БИТИМ

 

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Туркманистон Давлат товар-хом ашё биржаси, бундан кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,

Томонлар давлатларининг тадбиркорлик тузилмалари ўртасида янада яқин алоқалар ўрнатиш истагида,

иқтисодий фаолият соҳасида ҳамкорликнинг янги шаклларидан фойдаланишга интилиб,

қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:

1-модда

Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон товар ишлаб чиқарувчиларини моддий-техник ресурслар билан таъминлаш ва уларнинг маҳсулотлари сотилишини таъминлаш мақсадида биржа савдоси воситалари ва технологияларини қўллашни ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, давлат ва корпоратив харидларни ташкил килиш, биржа савдолари географиясини кенгайтириш ва унинг иштирокчилари сонини ошириш, Томонларнинг электрон савдо майдончаларида тузиладиган битимлар ҳажмини кўпайтиришни кузда тутади.

2-модда

Томонлар икки давлат қонунчилиги доирасида қуйидаги фаолият йўналишлари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар:

Томонларнинг электрон савдо майдончаларида биржа савдосини ташкил қилиш бўйича тажриба алмашиш;

биржа савдосининг замонавий шакллари, усуллари ва технологияларини шакллантириш ҳамда такомиллаштириш юзасидан ўзаро кўмаклашиш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат ва корпоратив харидларни ташкил қилиш бўйича тажриба алмашиш имкониятини ўрганиш;

ўзбек ва туркман товар бозорларини маркетинг нуқтаи назаридан тадқиқ қилиш ва нархлар мониторингини ўтказиш ҳамда уларнинг натижалари билан алмашиш, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон товар бозорларидаги вазият тўғрисида ахборот- таҳлилий материаллар билан алмашиш;

реклама фаолияти соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш; нефть ва газ соҳаси маҳсулотлари, қишлок хўжалиги маҳсулотлари, металл маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошка товарларни биржа савдоси механизмларидан фойдаланган ҳолда улгуржи сотиш соҳасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш;

Томонларнинг биржа савдоси иштирокчиларини ўзаро аккредитация қилиш имкониятини ўрганиш;

биржа савдоларини ўтказиш тартибини соддалаштириш орқали Томонлар давлатлари резидент компанияларининг Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон бозорларига чикишига кўмаклашиш имкониятларини ўрганиш;

биржа ва аукцион савдо воситаси орқали тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш соҳасида тажриба алмашиш;

электрон савдонинг потенциал иштирокчиларини излаш, шу жумладан ўзбек ва туркман компаниялари иштирокида биржа савдоси воситаларини қўллаш масалалари юзасидан биргаликда конференциялар ҳамда ўқув семинарлари ўтказиш йўли орқали;

ўзбек-туркман савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун биржа савдоси воситаларини қўллаган ҳолда савдони амалга ошириш мақсадга мувофиқ булган истиқболли товар гуруҳларини аниқлаш.

3-модда

Томонлар ушбу Битимнинг амал қилиш доирасида махфий ахборотларни ҳар қандай учинчи томонга ошкор килмасликни таъминлаш мажбуриятини оладилар, иккинчи Томондан ёзма розилик олинган ҳолатлар бундан мустасно. Томонлар махфий ахборотлардан ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай мақсадлар учун фойдаланишга ҳақли эмаслар.

4-модда

Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

5-модда

Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш ва талқин қилишда юзага келиши мумкин бўлган баҳс ва мунозаралар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар оркали ҳал қилинади.

6-модда

Ушбу Битим имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва икки йил давомида амал қилади.

Бу муддат тугагач, агар Томонлар бошқача келишиб олмаган бўлсалар, Битимнинг амал килиши ўз-ўзидан кейинги икки йиллик муддатларга узаяверади.

Ушбу Битим Томонлардан бири иккинчи Томондан унинг ушбу Битимнинг амал килишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномани олганидан сўнг уч ой утгач ўз кучини йўқотади.

Тошкент шаҳрида 2013 йил 25 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга.

Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин этишда унинг рус тилидаги матнидан фойдаланилади.