Ҳиндистоннинг IT-компанияси ЎзРТХБ га ташриф уюштирди | Новости

20 Авг 2018

Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасига “IRIS Business Service Limited” компанияси асосчиси Сваминатан Субраманиам ташриф буюрди. Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад биржа бозорида савдо операциялари жараёнида замонавий ахборот технологияларни қўллашни жорий қилиш масаласини муҳокама қилиш бўлди.

Учрашув давомида жаноб Сваминатан ўз компаниясининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, у яратган дастурий маҳсулотлар бутун дунё бўйлаб электрон тўплам ва молиявий ахборотнинг таҳлил қилиш соҳаларида кенг қўлланилади. Компания шунингдек, ҳисоботлаштиришнинг халқаро стандарти ҳисобланган халқаро XBRL (eXtensible Business Reporting Language) тизими асосида ҳар бир вазирлик, агентликлар, муассасалар учун алоҳида ечимлар ҳам ишлаб чиқиши мумкин.

Муҳокамалар давомида биржа савдоларининг электрон тизими, Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали олиб боралидаган ҳисоб-китоблар ва биржада ахборот технологияларини қўллаш амалиёти билан танишиб чиқди. Учрашув якунига кўра, томонлар келгусидаги ҳамкорлик борасида кенг миқёсда муҳокамалар ўтказишга келишиб олдилар.

Маълумот учун: “IRIS Business Service Limited” компанияси 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб боради. Компаниянинг бош биноси Мумбайда жойлашган. Ҳиндистон компаниясининг АҚШ, Сингапур, Буюк Британия ва БААда ваколатхоналари ҳам фаолият кўрсатади.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 11317