Ҳорижий ҳамкорлар учун тавсиялар | Электрон мақолалар

29 Янв 2016
Тижорат ташкилотларида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий босқичи ҳорижий ҳамкорлар билан шартномавий муносабатларни ташкил этишда иш юритиш  услубларидаги ўзгаришлар билан тавсифланади. Ташқи бозорга чиқаётган тадбиркор маҳсулотларни харид қилиш ва сотиш бўйича амалдаги ташқи савдо ҳуқуқий тартиби ва шартномавий ҳуқуқий муносабатлар ҳақида маълум бир билимларга эга бўлиши керак. Бу ҳолатларда халқаро битим (келишув), конвенция, миллий қонунчилик, норматив акт тизими халқаро савдо бизнес амалиётини ташкил этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
 
Бугун биз биржа савдоларида иштирок этишни хоҳлаган хорижликлар учун ҳисоб очиш ва шу билан боғлиқ бошқа  саволларга жавоб берамиз.
 
Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси экспорт операцияларини ташкил этиш билан боғлиқ бир қатор хизматларни амалга оширади.Ҳисоб клиринг палатаси клиринг иштирокчилари томонидан товарлар олди-сотдиси бўйича биржа битимларини амалга оширилиши натижасида юзага келадиган товарларни етказиб бериш, тўловларни амалга оширишда мажбуриятларини ҳисобга олиш, белгилаш ва бажариш бўйича муносабатларни тартибга солади. 
 
Эркин алмашинадиган валюта ҳисобига имзоланган экспорт битимлари маҳсулотларни кафолатли етказиб бериш билан амалга оширилади.Сотиб олувчи ўзининг биржа ҳисоб-клиринг палатасида очилган махсус ҳисобига биржада белгиланган миқдорда кафолатли тўлов учун хорижий валютада депозит омонатини қўяди. 
 
Биржадаги савдоларда иштирок этиш учун ҳар бир мижоз Ҳисоб- клиринг палатасида рўйхатдан ўтиши ва қуйидагиларни амалга ошириши лозим: 
-хорижлик шахс келиб чиққан мамлакатда рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи хужжат
-акцепт аризаси (ариза-акцепт оммавий офертага мувофиқ шахснинг биржа ҳисоб-клиринг палатаси томонидан ҳисиб-китоб-клиринг бўйича унга кўрсатиладиган хизматлар учун ушбу қоидаларнинг шартларини тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиниши ҳақидаги хабарномаси) 
-клиринг иштирокчиси учун сўровнома (анкета) тўлдириш; 
-имзолар намунаси ва муҳр изи туширилган варақчалар (карточка) тўлдириш; 
-брокерлик хизмати кўрсатиш бўйича брокерлик идораси билан тузилган шартнома; 
 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юридик шахслар учун  ҳар бир мамлакат тадбиркор ёки пул-ҳисоб-китоб хужжатларига имзо қўйиш ваколатига эга бўлган шахснинг юридик шахс сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақидаги тасдиқланган хужжат нусхасини ҳам тақдим этади. 
 
Масалан Россия Федерацияси мисолида  қуйидаги хужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаси тақдим этилади: 
 
1.Солиқ органида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи хужжат; 
2.Давлат органларида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи хужжат; 
3.Юридик шахсларнинг ягона давлат реестридан кўчирма; 
4.Раҳбарнинг паспорт нусхаси; 
5.Юридик шахс номидан ҳаракат қилаётган шахсга берилган ишончноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси; 
6.Ташкилотнинг Низоми; 
7.Юридик шахс номидан ишончномасиз ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг лавозимга тайинланганлигини тасдиқловчи нотариал тасдиқланган (буйруқ) хужжат.
 
Қозоғистон Республикасида фаолият юритувчи шахслар қуйидаги хужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар: 
1.Солиқ органида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи хужжат; 
2.Давлат органларида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи хужжат; 
3.Раҳбарнинг паспорт нусхаси; 
4.Юридик шахс номидан ҳаракат қилаётган шахсга берилган ишончноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси; 
5.Ташкилотнинг Низоми; 
6.Юридик шахс номидан ишончномасиз ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг лавозимга тайинланганлигини тасдиқловчи нотариал тасдиқланган (буйруқ) хужжат;  
 
Европа, Америка, Осиё давлатлари ҳамда Гага конвенциясига кирувчи (05.10.1961 йилда  тасдиқланган) ороллар вакиллари қуйидаги хужжатларнинг нусхаларини апостиль  қўйилган ҳолда тақдим этадилар:
1.Давлат органларида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки сертификат; 
2.Савдо реестридан кўчирма; 
3.Раҳбарнинг паспорт нусхаси;
4.Юридик шахс номидан ҳаракат қилаётган шахсга берилган ишончнома; 
5.Ташкилотнинг Низоми; 
 
Шу ўринда апостиль ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Апостиль нима дегани? 
Апостиль - хужжатни имзоловчи сифатида иш кўрган шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва хужжатни тасдиқлагна муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган, чет эл расмий хужжатларини легаллаштиришни бекор қиладиган Конвенцияга мувофиқ (05.10.1961 йилда  тасдиқланган) расмий хужжатга  чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп.
 
Ҳисоб-клиринг палатаси мижозни рўйхатга олади, унга махсус ҳисоб (ёки ФШР-фойдаланувчининг шахсий рақами) очади. Ҳар бир мижоз ўз шахсий ҳисобини www.client.uzex.uz орқали «online» тартибида фаоллаштириб, доимий равишда ўз ҳисоби орқали амалга оширилаётган маблағ айланмаси ҳамда тузилган битимлар ҳаракатларни кузатиб бориши мумкин.
Биржада мижозлар учун барча қулайликлар яратилган.
 
Ушбу мақолада биз билан ҳамкорлик қилишни истаган мижозларга  биржада ҳисоб рақамини очиш билан боғлиқ ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтдик. Ҳисоб очиш билан боғлиқ масалалар, саволлар ўз жойида ҳал этилади. Биз мижозларни кутиб қоламиз.  
 
 
"ЎзРТХБ" АЖ Бош мутаҳассиси
Никитина Ф.Ф.