Шакар очиқ биржа савдолари орқали сотила бошлади | Новости

08 Янв 2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4484-сон қарорига мувофиқ 2020 йил 1 январдан маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакарнинг 90% бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда очиқ биржа савдолари орқали реализация қилиниши бошланди.
 
Биржа савдоларида сотувчи сифатида шакарни маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар XORAZM SHAKAR” АЖ ва “ANGREN  SHAKAR” МЧЖ иштирок этишмоқда. Улар томонидан очилган биржа шартномаларига биноан шакарнинг бир тоннаси учун бошланғич нарх 5 250 минг сўмни ташкил этади. Етказиб бериш шарти – EXW (сотувчининг омборидан олиб кетиш).
 
Жорий йилнинг бошидан буён биржа савдоларига “XORAZM SHAKAR” АЖ томонидан 2 700 тонна ва “ANGREN  SHAKAR” МЧЖ томонидан 3 000 тонна шакар қуйилган. Шу жумладан шакарни биржа савдоларига кунлик қўйиш ҳажмлари “XORAZM SHAKAR” АЖ томонидан 900 тонна ва “ANGREN  SHAKAR” МЧЖ томонидан – 1000 тоннани ташкил қилди.
 
Ўтказилган биржа савдолари натижасида шаклланган бир тонна шакарнинг ўртача нархи 5 253,2 минг сўмни ташкил этди. Трейдер ва бозор мутахассисларининг кузатилишича, шакарнинг биржадаги нархи бошқа улгуржи бозорларидаги нархларга нисбатан пастроқдир.
 
Бугунги кунда харидорлар шакарни сотиб олиш учун эркин ва чекловларсиз биржа савдоларида иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун биржанинг расмий вебсайтида онлайн аккредитациядан ўтиш ва брокер билан шартнома тузишнинг ўзи кифоя.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 16405