“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ расмий баёноти | Новости

22 Янв 2022
2022 йил 20 январда Karimoffuz Telegram каналида (https://t.me/Karimoffuz/5049) биржа савдоларида харид қилинган маҳсулот юкланмаганлиги тўғрисида “Биржа можароси” номли пост эълон қилинди. Унга кўра “Насаф ҳамкор омад файз” МЧЖ товар-ҳом ашё биржаси орқали сотиб олинган 600 тонна омухта ем маҳсулотини юклаб олишда муаммоларга дуч келган.
 
Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси ўз ваколати доирасида қуйидагиларни маълум қилади.
 
1. 2022 йил 10 январда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан ўтказилган очиқ биржа савдоларида “Боғдоддонмаҳсулотлари” АЖ томонидан савдоларга қўйилган омухта ем махсулотидан 600 тоннаси “Насаф ҳамкор омад файз” МЧЖ томонидан сотиб олинган.
 
2. Ўз навбатида, харидор, яъни “Насаф ҳамкор омад файз” МЧЖ биржа савдоларида сотиб олинган 600 тонна омухта ем маҳсулоти бўйича 100% тўловни 2022 йил 17 январь куни ўтказиб берган. Биржа савдо натижалари бўйича тузилган битимнинг 3.2-бандига мувофиқ битим суммасининг 100% миқдорида тўлови амалга оширилганидан сўнг, сотувчи томонидан 5 иш куни мобайнида, яъни 2022 йил 24 январгача товарни юклаб берилиши кўзда тутилган. Бироқ, бунга қарамасдан харидор мижоз мазкур масала юзасидан танқидий мақола чиқариш сўрови билан Karimoffuz Telegram каналига мурожаат қилган.
 
3. Аслида, сотувчи корхона, яъни “Боғдоддонмаҳсулотлари” АЖ харидор – “Насаф ҳамкор омад файз” МЧЖ га 2022 йил 19 январда, яъни юклаб бериш муддати якунлашидан аввал, 600 тонна омухта ем маҳсулотларини тўлиқ юклаб берган ва биржа шартномаси бўйича сотувчига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажарган.
 
4. Натижада биржа савдоларида харид қилинган омухта ем маҳсулоти харидорга 19 январда тўлиқ ҳажмда юклаб берилганлигига қарамасдан, 20 январда мазкур масалага ойдинлик киритмасдан, омухта ем маҳсулотлари юкланмаганлиги тўғрисида танқидий материал телеграм каналда эълон қилинган.
 
Шу муносабат билан, ОАВ вакиллари ва блогерларни биржа фаолиятига доир материалларни тайёрлаш чоғида, берилаётган маълумотларни объективлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ PR бўлимига мурожаат қилишларини сўраймиз. 
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 4002