Биржа раҳбарияти ҳудудларда фуқароларни сайёр қабулларини ўтказмоқда | Новости

03 Фев 2023

Жорий йил январь-февраль ойларида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарувининг 2023 йил 13 январдаги 6-сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар билан ҳудудларда ўтказиладиган сайёр қабуллар” жадвалига мувофиқ биржа раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабул қилиш ташкиллаштирилди.

Тасдиқланган жадвалга мувофиқ биржа раҳбарияти жойларда аҳоли ва тадбиркорлар орасида муаммоларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказди.

Тадбирларда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳудудий филиалларининг бошқарувчилари ва мутахассислари, брокерлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳамда электрон савдоларнинг бошқа иштирокчилари қатнашдилар.

Учрашувлар давомида биржа савдолари ва электрон давлат харидларини ташкил этиш тартиб-таомиллари, шунингдек бугунги кунда биржа соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиликлар билан таништириб ўтилди, биржа мижозларига яратилаётган шароитларга оид қабул қилинган ҳукумат қарорларининг мазмун ва моҳиятини батафсил тушунтириб берилди.

Сайёр қабулларда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида биржа соҳаси билан боғлиқ юзага келаётган муаммо ва камчиликларни кўриб чиқиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш орқали уларнинг биржадаги иштирокини кенгайтириш мақсадида иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил тушунтириш ва тегишли жавоблар берилиб, билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни ўз вақтида ҳал этиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг, сайёр қабуллар давомида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдира олмаган тадбиркорлик субъектларига, уларни қийнаётган муаммолар бўйича биржанинг электрон почта ва телеграм бот каналлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидланди.

Мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойларнинг ўзида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилди.

Кўрилди: 1223