Ўзбекистон биржаси ва Сингапур компанияси ўртасида келишув имзоланди | Новости

16 Янв 2023

Жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи арафасида Сингапурда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда савдо, инвестициялар ва молия йўналишларида, кимё, энергетика ва тўқимачилик саноати, саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 23 та шартнома ва битимлар имзоланди.

Бизнес-форум доирасида, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Сингапурнинг “Krut PTE LTD” компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви ҳам имзоланди.

Мазкур келишувда томонлар биржа савдоларида илғор IT-технологияларни жорий этиш, замонавий биржа воситаларини ривожланитиришда консалтинг хизматлари ва ахборот алмашинуви соҳаларида ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

Маълумот учун: “Krut PTE LTD” компанияси 2014 йилда Сингапурда ташкил топган бўлиб, товар ва фонд биржалари, молиявий институтлар ва тижорат банкларига дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва техник консалтинг соҳаларида хизмат кўрсатади.

Кўрилди: 1030