“YARMARKA UZEX” янги мобиль иловаси ишга туширилди | Новости

28 Май 2020

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси онлайн-савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида «YARMARKA UZEX» мобиль иловасини ишга туширди. Янги илова биржанинг В2В электрон тижорат савдо тизими, яъни “Кўргазма-ярмарка савдоси” (КЯС) га киритилган барча янгилик ва ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Мазкур иловада yarmarka.uzex.uz вебсайтининг барча асосий функциялари ҳавола этилган. Хусусан, янги сервис биржа мижозларига товарларни электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида онлайн равишда сотиш ёки сотиб олиш имконини беради. Сотувчилар ва харидорлар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали интерактив хизматлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Биржанинг янги мобиль иловаси қулай ва кенгайтирилган излаш имкониятларига эга. Чекланган оператив хотирали мобиль қурилмаларида ҳам юқори тезликда ишлаш қобилияти илованинг қўшимча афзаллиги ҳисобланади.

Мобиль илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорига мувофиқ яратилган.

“YARMARKA UZEX” иловасини Google Play да юклаб олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида UZEX биржаси “КЯС” электрон савдо тизимини тўлиқ модернизация қилиш ишларини якунлаган. Бунда савдо тизимига киритилган энг асосий янгилик бу биржанинг ягона ҳисоб-китоб клиринг тизими орқали тузилган битимларнинг бажарилишини кафолатлаш механизмининг жорий қилиниши бўлди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 8707