ЎзРТХБ ва ТДИУ ўртасида меморандум имзоланди | Новости

09 Апр 2020
2020 йил 9 апрелда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида ўзаро англашинув тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳужжатни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Бадриддинов ва Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг ректори Конгратбой  Шарипов имзоладилар.
 
Меморандумдан кўзланган асосий мақсад, рақамли иқтисодиёт, биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижорат соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, кадрлар малакаси ва касбий маҳоратини оширишдан иборатдир.
 
Мазкур меморандум “Илм, марифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорини ижро этиш доирасида имзоланди.
 
Ҳужжатда ТДИУ талабалари учун амалий тренинг ва стажировкаларни ташкиллаштириш, республика товар хомашё биржасининг кадрларини иқтисодиётнинг турли ихтисосликлари бўйича тайёрлаш ҳамда брокер ва трейдерлар, савдо иштирокчиларини малакасини ошириш, давлат ташкилотлари ходимларини биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижоратга ўргатиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
 
Шунингдек ҳамкорлик доирасида халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда биржа савдоларида ва электрон тижоратда замонавий стандартларни жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.
 
Тузилган меморандум замонавий HR-менеджмент услубларни жорий этиш орқали биржа савдолари янада ривожланиши ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 6561