2020 йил 26 февралда «Hook.report» интернет нашрида Влад Авдеевнинг “Ким харид қилади: Электрон дўконда энг ғалати нархлар?” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада муаллиф томонидан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг электрон дўкон савдо тизимига товар етказиб берувчилар томонидан киритилган нархлар кўриб чиқилган.
Фактларни холис баҳолаш учун Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси қуйидагиларни маълум қилади.
- Электрон дўконга жойлаштирилган нархлар иштирокчилар (сотувчилар)нинг оммавий офертаси ҳисобланиб, давлат харидлари ушбу нархларда амалга оширилганлигини англатмайди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ давлат буюртмачиси электрон дўконда иштирокчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни танлайди ва товар танлангач, нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.
Нархлар сўрови механизми электрон дўконда ўхшаш товарларни таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлайди.
Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф махсус ахборот портали томонидан юборилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ўз таклифларини беришга ҳақли.
Харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш таклифини олган барча иштирокчлар давлат буюртмачиси томонидан танланган оферта нархидан пастроқ нарх бўйича таклиф киритишга ҳақли.
Махсус ахборот портали давлат буюртмачиси ва энг паст нархни таклиф қилган ижрочи ўртасида тузилган битимни рўйхатдан ўтказади.
Мазкур механизмни 2019-2020 йилларда қўлланилиши натижасида мақолада кўрсатилган товарлар бўйича қуйидаги харид қилиш нархлари шаклланган:
№ |
Маҳсулот |
Ўлчов бирлиги |
Мақолада кўрсатилган нарх (сўм) |
2019 йил учун харид нархи (сўм) |
2020 йил учун харид нархи (сўм) |
1. |
Стул. |
дона |
3 550 000 (10 000 000) |
150 000 гача |
91 900 - 119 000 |
2. |
Аскорбин кислотаси. |
пачка |
100 000 |
5 500 |
4506 гача |
3. |
Грифель. |
дона |
777 700 |
4 500 гача |
- |
4. |
Герб 25-70 см (темир, гипс, керамика, тахта). |
дона |
10 000 000 |
40 000 - 3 200 000 |
129 800 - 2 777 000 |
5. |
Болта. |
дона |
4 000 000 |
22 000 - 150 000 |
25 000 - 125 000 |
6. |
Почта конверти (А3, А4, А5, А6). |
дона |
60 000 |
145 - 13 900 |
158 - 3 500 |
7. |
Лом от 1 до 2 м |
дона |
10 000 000 |
30 000 - 129 000 |
39 800 - 85 000 |
8. |
Гулқайчи 18-80 см. |
дона |
10 000 000 |
7 900 - 197 000 |
33 000-120 000 |
9. |
Канцелярия қайчиси. |
дона |
10 000 000 |
2 800 - 55 000 |
2 800 - 27 000 |
Кўрсатилган харид нархлари ҳар бир товарнинг таснифлари ва индивидуал хусусиятларидан (ўлчами, ишлаб чиқарувчиси, тайёрлашда фойдаланилган материал) келиб чиққан ҳолда фарқланади.
- Бюджет ташкилотлари мақолада кўрсатилган лотларни танлаб ололмайди.
Бюджет ташкилотлари электрон дўконда бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан (5 575 000 сўм) ошмайдиган миқдордаги товарларни харид қилишга ҳақли. Мақолада кўрсатилган товарларнинг нархлари мазкур чегарадан ошганлиги сабабли ушбу лотлар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун танлаб олина олмайди.
Шу билан бирга мазкур лотларнинг оферентлари ўхшаш товарлар бўйича нархлар сўрови натижасида харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар келиб тушган тақдирда ўзларининг нарх таклифларини пасайтиришлари мумкин.
- Электрон тизим тадбиркорларнинг давлат харидларидан эркин фойдалана олишлари ва етказиб берувчилар ўртасида кучли рақобат шаклланганлиги сабабли оширилган нархлар бўйича битимлар тузилишга йўл қўймайди.
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали давлат харидлари очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек бу соҳада соғлом рақобатни шакллантириш ва ривожлантиришга кўмак бериш мақсадида яратилган.
Ушбу портал туфайли республикамизда фаолият юритувчи барча етказиб берувчилари, биринчи навбатда тадбиркорлик субъектлари давлат буюртмаларидан онлайн тарзда эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишган. Аввалари, давлат харидлари бўйича ягона порталнинг мавжуд эмаслиги аксинча давлат харидлари соҳасида “келишилган битимлар”ни тузиш учун қулай шарт-шароитларни яратиб берар эди.
Хусусан, hook.report мақоласида кўрсатилишича, электрон дўконда оширилган нархлар билан бирга бошқа етказиб берувчиларнинг бозор нархлари ҳам жойлаштирилган. Умуман олганда айни пайтда давлат харидлари порталида ўтказиладиган савдоларда 15 мингдан зиёд етказиб берувчилар фаол иштирок этишмоқда.
- Давлат харидлари бўйича электрон тизим максимал даражада автоматлаштирилган ва электрон дўкон иштирокчисини ошкор этилмасликни таъминлайди.
Электрон дўконда нархлар сўровимеханизми инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилади. Энг паст нарх таклиф қилган иштирокчи автоматик тарзда савдолар ғолиби сифатида эътироф этилади.
Мазкур жараёнлар мобайнида ғолиб аниқлангунга қадар электрон дўкон иштирокчиларининг номларини ошкор этмаслиги тўла таъминланади.
Ўтказилган савдо натижалари, шу жумладан савдо ғолибининг номи шаффофлик тамойилига риоя қилинган ҳолда, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон қилинади.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг оператори сифатида порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Шунингдек портал оператори давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига (нархлар тизимда автоматик тарзда талаб ва таклиф асосида шаклланади) аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш ҳуқуқига эга эмас.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан давлат харидари бўйича маълумотларнинг электрон базалари алмашинувини мунтазам равишда амалга ошириб боради.
ОАВ вакилларини биржа фаолиятига доир материалларни тайёрлаш чоғида, берилаётган маълумотларни холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ PR бўлимига мурожаат қилишини сўраймиз.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими
Курилди: 8694