Қозоғистон Республикасининг элчиси "ЎзРТХБ" АЖга ташриф уюштирди | Новости

20 Апр 2018
Жорий йил 19 апрель куни Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерик Утембаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасига ташриф уюштирди. Делегация элчихона маслаҳатчиси Рустем Жаппасов, элчи ёрдамчиси Руслан Рустамбековдан иборат. 
 
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад биржа савдоси соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни муҳокама қилишдир. 
“ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раиси в.в.б Фарохиддин Ибрагимов Ўзбекистон биржасига қизиқиш билдираётган қозоғистонлик меҳмонларга миннатдорлик билдирди ва икки томонлама ҳамкорликни ҳар тарафлама ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. 
 
Учрашувда сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмасининг ҳажми ошиб бораётганлиги қайд этилди. Бу борада биржа савдоси каби бозор механизми имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали ҳам салмоқли натижаларга эришиш мумкинлиги таъкидланди. 
Шу муносабат билан 2018 йил 29 март куни “ЎзРТХБ” АЖ ҳамда “ЕСТ Товар биржаси” АЖ (Евросиё Савдо Тизими товар биржаси)  ўртасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. Мазкур келишувнинг асосий предмети Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдоларини ташкил этишда ҳамкорлик, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, биржа савдолари ва ҳисоб-китоб-клиринг хизмат кўрсатишни амалга ошириш ҳисобланади. 
 
“ЎзРТХБ” АЖ бир вақтнинг ўзида хориж давлатларида, хусусан, Қозоғистонда савдо майдонларини ташкил этиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиқмоқда. Биржанинг савдо майдонларида биржа хизматларининг барча имкониятларидан фойдаланиш мумкин бўлади. 
Умуман олганда, келишувни ва ҳамкорликдаги бошқа лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда Қозоғистон бизнесига ва Қозоғистон бозорида ўзбек ишлаб чиқарувчиларига кенг имкониятлар яратади. Хусусан, ҳамкорликдаги биржа савдоларини ташкил этиш орқали контрагентлар харажатларини қисқартириш, экспорт-импорт келишувларини имзолаш жараёнини соддалаштириш ва икки давлатнинг бизнес тузилмалари учун мижозлар базасини кенгайтиришга эришиш кутилмоқда.
Ташриф давомида делегация аъзолари биржа савдо инфратузилмаси, электрон биржа савдолари механизми ва онлайн кимошди савдолар, шунингдек, биржанинг сўнгги йиллардаги фаолияти билан танишдилар. 
 
Учрашув якунида Қозоғистон Республикаси элчихонаси вакиллари “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятига юқори баҳо бердилар. Биржа савдо механизми Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини сезиларли даражада оширишда самарали усул бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. 
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11718