Биржа бозорида арматуранинг ҳиссаси ошмоқда | Новости

28 Сен 2017
2017 йилнинг бошидан бери “ЎзРТХБ” АЖ нинг биржа савдоларида 47,5 минг тоннадан зиёд қора металл маҳсулотлари сотилди. Арматуранинг бозордаги улуши ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 3% га ўсиб, 72% ни ташкил этди. Мазкур металлни сотиш ҳажми 34,2 минг тоннани ташкил этди. Бурчакнинг тури маркаларини сотиш кўрсаткичи 18% га пасайиб, уларнинг бозордаги ҳиссаси 20% дан 18% гача қисқарди.
 
Жорий йилнинг январь-март ойларида 12-35 гс  маркали арматуранинг ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4,8 млн сўмдан оралиқ максимумга, яъни 6,0 млн сўмгача кўтарилди. Кейинги 5 ой мобайнида биржанинг арматура бозори биржа савдоларига қўйилиш ҳажмини секин-аста ўсиши эвазига пасайиш даврида бўлди. Хусусан унинг ўртача нархлари 20% га қисқариб, 4,8 млн сўмни ташкил этди. Сентябрь ойида эса ўсиш динамикаси тикланиб, ушбу кўрсаткич 5,4 млн сўмгача кўтарилди. Шунингдек мазкур маркали арматурани бир ойда савдоларга қўйишнинг ўртача ҳажми 830 тоннани ташкил этди.
 
Бурчак бозори ўтган давр мобайнида асосан ўсиш тенденциясини намоён этди. Хусусан йилнинг бошидан бери 63 ст3 маркали пўлат бурчагини нархлари бир тоннаси учун 4,6 млн сўмдан 6,1 млн сўмгача ошди. Рекорд даражадаги нарх, яъни 6,5 млн сўм мавсумий талаб ошиши сабабли жорий йилнинг июлида қайд этилди. Ушбу маркали бурчакнинг савдога қўйилишининг ўртача ойлик ҳажмлари жорий йилда 372 тоннани ташкил этди.
 
Қора металлни сотиб олиш таркибида вилоятлар кесимида айрим ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг улуши 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 2% га ўсди ва 39% ни ташкил этди. Андижон вилоятининг харидорлари қора металлни 87% га кўпроқ сотиб олганлиги сабабли, уларнинг улушлари икки маротабага ўсиб, 6% ни ташкил этди. Сурхондарё вилоятининг истъемолчиларига биржа қора металл бозорининг 5%  тўғри келмоқда.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 17549