Давлат харидлари бўйича давра суҳбати ўтказилди | Новости

28 Окт 2022

Жорий йил 28 октябрь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жаҳон банки ва Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги кўмагида давлат харидларини ривожлантириш стратегияси дойиҳаси тақдимоти ва унинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакиллари, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, электрон давлат харидлари иштирокчилари ва буюртмачилари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад масъул вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш, давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Бундан ташқари, давра суҳбати иштирокчилари учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Давлат харидлари бўйича марказий ахборот портали ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда яратилган Электрон шикоятлар модулининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўз навбатида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мутахассислари тадбиркорларни қизиқтирган саволларга тушунтиришлар беришди ҳамда уларнинг таклифларидан келиб чиққан ҳолда келгусида давлат харидлари электрон тизимида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифаларни белгилиб олишди.

Тадбир давомида форум иштирокчилари муҳокама қилинган масалалар юзасидан, шунингдек, давлат харидлари тизимини ривожлантиришга оид таклиф ва муносабатларини билдирдилар.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 749