Давлат харидлари тизимида янги қулайликлар жорий этилмоқда | Новости

09 Сен 2022
Давлат харидларида иштирок этаётган буюртмачи ва етказиб берувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
 
Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди.
 
Мазкур имтиёз давлат харидларида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда камида учта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ-4812-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги 41-сонли қарорларига мувофиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини баҳолашда қўлланилмоқда.
 
Бунинг учун буюртмачи ва етказиб берувчилар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали мазкур преференцияни қўллаш бўйича тегишли белгиларни қўйишлари талаб этилади. Имтиёз етказиб берувчининг таклифларини нарх қисмини баҳолашда автоматик тарзда қўлланилади.
 
Шу билан бирга, etender.uzex.uz электрон савдо тизимида давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имконияти ҳам яратилди. Бунда, давлат харидлари бўйича тузилган шартнома бўйича тўлов жадвалини ўзгартириш, бюджет буюртмачи ёки савдо ғолибининг реквизитлари ўзгарган тақдирда янгиланган реквизитларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига юбориш мумкин.
 
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарорига мувофиқ биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида буюртмачилар томонидан ходимларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш билан боғлиқ харидларни амалга ошириш имконияти яратилди.
 
Давлат харидлари тизимида киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумотларни савдо тизимининг қуйидаги бўлимида олишингиз мумкин.
 
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 3370