Биржаниг ташқи алоқалари кенгаймоқда | Новости

06 Июн 2022

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўзбек биржасининг халқаро биржалар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, МДҲ Халқаро биржалар ассоциацияси, Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси (FEAS) ва Халқаро фьючерс ассоциацияси (AFМ) билан ўзаро ҳамкорлик кучайтирилмоқда.

Эришилган келишувлар доирасида замонавий биржа савдоларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашинуви йўлга қўйилди, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган семинар ва учрашувлар ташкил этилмоқда, брокерлик конторалари ўзаро аккредитациядан ўтказилмоқда ва янги хорижий савдо майдончалари очилмоқда.

Янги хорижий савдо майдончаларини очишдан кўзланган асосий мақсад биржа савдоларининг бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон ва бошқа давлатлар бозорларига эркин киришини таъминлашдан иборатдир.

Шу билан бирга биржада чет эллик мутахассислар билан биржа савдоларининг янги инструментларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Халқаро экспертлар маҳаллий мутахассислар ва брокерларга Ўзбекистонда ҳосилавий воситаларни ўзлаштириш, бу бозордаги хатарларни аниқлаш ва ҳосилавий бозор имкониятлари бўйича тавсиялар билан бўлишмоқда.

Бу борада халқаро эксперт Артур Ахмадшин билан консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича келишув имзоланган. АҚШнинг “Broker-Junction LLC” брокерлик компанияси  раҳбари Армин Фатхи билан трейдерларни ўқитиш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси кўмагида АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) маслаҳатчиси Майкл Кофилд (Michael Cofield) ва Товар фьючерс савдолари бўйича комиссияси (CFTC) директорининг ўринбосари Кевин Пикколи (Kevin Piccoli) билан маслаҳатлашувлар давом эттирилмоқда.

Ўз навбатида, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик биржа савдоларининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиради ва Ўзбекистонда биржа фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1035