Электрон харидлар бўйича семинар ўтказилди | Новости

05 Май 2022

Жорий йилнинг 5 май куни “Ўзметкомбинат” АЖда давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими – xarid.uzex.uz га бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир алоҳида тартибда назорат қилинадиган давлат буюртмачилари билан давлат харидларини амалга ошириш жараёнларини ўрганиш, яъни махсус ахборот порталида ишлаш учун кўникма ҳосил қилиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Тошкент филиалининг Электрон тижоратни ривожлантириш ва харидларни ташкил этиш бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган семинарда “Ўзметкомбинат” АЖнинг давлат харидлари тизими бўйича фаолият олиб борувчи ходимлари иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2021 йил 17 мартдаги “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5031-сон қарорининг ижросини таъминлаш доирасида ўқув-семинар шаклида ўтказилди.

Семинарда давлат харидлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга бағишланган тақдимот намойиш этилди. Таъкидлаш керакки, 2021 йил 22 апрелда Янги таҳрирда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни давлат харидлари тизимининг очиқлигини янада кенгроқ таъминлайди, соҳада замонавий ахборот технологиялари ёрдамида инсон омили аралашуви янада қисқартиради.

2021 йил якунларига кўра давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да жами 11,0 трлн сўмлик 1 млндан зиёд битимлар тузилган бўлса, 2022 йил I чорак якунига кўра қарийб 4,2 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бюджет ва корпоратив буюртмачилар маблағларининг тежалиши ҳам 879,2 млрд сўмга тенг бўлди.

Учрашув давомида янги таҳрирдаги Қонунга мувофиқ киритилган янгиликлар, қонунчиликда харидларни амалга оширишда белгиланган меъзонларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлат харидлари билан боғлиқ мавжуд муаммолар ўрганилиб, шу жойнинг ўзида бартараф этилди.

Тадбир якунида “Ўзметкомбинат” АЖ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга давлат харидлари тизимига ўзгартириш ва янгиликлар киритиш бўйича таклифлар билдирдилар. Барча фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, бу соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 1304