Биржа фаолияти бўйича матбуот анжумани ўтказилди | Новости

10 Окт 2022
2022 йил 10 октябрда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида “Биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан биржа савдолари ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.
 
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мамлакатимиз товар бозорларида шаффофликни таъминлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозор тамойилларини жорий этиш бўйича ишларни давом эттириб келмоқда.
 
2022 йилнинг 9-ойлик якунларига кўра биржада 75,2 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага кўпдир. Биржанинг барча савдо платформаларида фаолият юритаётган мижозларнинг умумий сони эса 200 минг нафардан ошди.
 
Бир вақтнинг ўзида мижозлар сонининг кўпайиши билан бирга сотувчи корхоналар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган маҳсулотларнинг сони ва ҳажмининг ўсиши ҳам кузатилмоқда.
 
Хусусан, 2022 йил январь-сентябрь ойларида биржа савдолари орқали 7,6 трлн сўмлик юқори ликвидли бўлмаган, бошқа турдаги маҳсулотлар сотилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир ярим баробарга кўпдир.
 
Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортиб бораётганлигидан далолат беради. Сотувчилар ўртасида рақобатнинг кучайиши ҳамда бозорларда таклиф даражасини ошиши маҳсулотлар учун ички нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилмоқда.
 
Мисол учун, жорий йилнинг бошидан буён биржанинг цемент бозорида барқарорлик ҳукм сурмоқда. Ўтган даврда цементнинг барча маркалари бўйича биржада шаклланган ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 606,0 минг сўмдан 589,9 минг сўмгача, яъни 3% га пасайган.
 
2022 йилнинг июль-сентябрь ойларида суюлтирилган газнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 056,8 минг сўмдан 4 090,2 минг сўмгача, яъни қарийб 2,5 маротабага тушган.
 
Худди шундай, июнь-сентябрь ойларида шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 554,5 минг сўмдан 11 801,6 минг сўмгача, яъни 19% га арзонлашган.
 
Шунингдек, сўнгги икки ой мобайнида биржа котировкалари техник олтингугурт бўйича 60% га, поливинилхлорид – 19% га, нефть ва газ конденсати – 17% га, мис – 16% га, буғдой – 15% га ва олтин – 6% га пасайган.
 
Бундан ташқари, биржа савдоларига синтетик дизель ёқилғиси, нафта, нефть кокси, суюқ минерал ўғитлар, барда, металл прокат лист, каустик сода, суюқ углерод оксиди, техник кислород каби янги маҳсулотлари ҳам сотувчи корхоналар томонидан очиқ биржа савдоларига қўйиб келинмоқда.
 
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги 262-сон Қарорига мувофиқ ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиб келинмоқда. Ўтган даврда биржа савдолари орқали жами 1,0 млн тоннадан зиёд ун ва буғдой маҳсулотлари сотилди.
 
Сўнгги кунларда ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 818,3 минг сўм, буғдой учун биржа котировкаси эса маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 530,9 минг сўмни ташкил этди. Бунда бозорларда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли биржада шаклланган нархлар ушбу маҳсулотларнинг бошланғич нархларига нисбатан ўртача 1% га ўсган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналар билан биргаликда 8 та янги хорижий савдо майдончаларини очди. Хусусан, биржанинг савдо майдончалари Польша, Туркия ва Озарбайжон каби мамлакатларда ҳам ўз фаолиятларини бошлашди. Қозоғистон Республикасида эса илк бор биржанинг ваколатхонаси очилди.
 
Хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида 2022 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 600 дан зиёд янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди ҳамда 347,0 млн АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди.
 
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон тизимининг оператори сифатида ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
 
Умуман олганда, жорий йилнинг 9-ойлик якунига кўра давлат харидлари бўйича биржанинг электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 маротабага ошиб, 24,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 3,4 маротабага ўсиб, 3,8 трлн сўмга тенг бўлди.
 
Шунингдек, биржанинг давлат харидлари бўйича электрон савдо тизимларида буюртмачи ва етказиб берувчилар учун қўшимча қулайликлар яратилди. Хусусан, биржанинг etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15% миқдорида преференция қўлланилиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имконияти ҳам яратилди.
Бундан ташқари, юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали савдолар давом эттирилмоқда. Жорий йил бошидан буён мазкур порталда 8,4 млрд сўмлик 5,1 мингдан зиёд шартномалар тузилган.
 
Тадбирда биржанинг истиқболдаги режалари ҳам очиб берилди. Хусусан биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини ишга туширилиши ҳамда давлат харидлари ва авторақам савдо тизимларида янги сервисларни жорий этилиши кутилмоқда.
 
Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
 
Матбуот анжуманининг якунида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Кўрилди: 2424