Биржа Сурхондарёда фермерлар билан учрашув ўтказди | Новости

26 Янв 2021

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси электрон савдоларда иштирок этиш тартиби ва қоидаларини тадбиркорлар ва фермерларга тушунтириш мақсадида ҳудудларда семинарлар ўтказишни бошлади.

Биржа раҳбарияти ва мутахассисларининг фермерлар билан дастлабки учрашувлари Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва «Термиз Жайхун кластер» МЧЖ кўмаклигида вилоятнинг бир нечта туманларида ташкиллаштирилди. Хусусан тадбирлар Термиз, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида ўтказилди. Очиқ мулоқот тарзда ўтказилган тадбирларда 30 дан зиёд маҳаллий фермерлар, кластерлар, тадбиркорлар, етказиб берувчилар ва товар ишлаб чиқарувчилар иштирок этишди.

Учрашувлар доирасида биржа савдолари механизми бўйича тақдимотлар ўтказилди. Семинар қатнашчиларига биржа савдолари қоидалари, савдо иштирокчиларини аккредитация қилиш ва мижозларга брокерлик идоралари томонидан хизмат кўрсатилиши тартиблари батафсил тушунтирилди. Сурхондарё вилоятининг ҳар бир туманида жойлашган биржа савдо майдончаларининг жойлашуви ва уларнинг аниқ манзиллари алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Тадбирда, шунингдек, биржа ҳисоб-китоб клиринг палатаси (ҲКП) орқали амалга ошадиган ҳисоб-китоблар бўйича масалалар алоҳида кўриб чиқилди. Семинарлар иштирокчилари аванс тўловларининг суммаси, минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотларни юклаш ва тўловларни ўтказиш муддатлари тўғрисида батафсил маълумот олдилар.

Таъкидланганидек биржада савдо тизимлари, шу жумладан биржа савдолари, онлайн-аукционлар ва давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштириш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Хусусан, яқин келажакда биржа савдолари бўйича янги электрон тизими жорий этилади ва давлат харидлари бўйича янги портал ишга туширилади.

Маърузачиларнинг чиқишлари давомида фермерлар, ҳокимлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Биржа мутахассислари фермерлар ва бошқа тадбир иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб қайтардилар.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 3200