Биржа давлат харидлари соҳасида янги IT сервисларни жорий этди | Новости

07 Дек 2020

2020 йил январь-ноябрь ойларида www.xarid.uz давлат харидлари махсус ахборот порталида 3,7 трлн сўмлик 663,3 мингдан зиёд битимлар тузилди.

Ўтказилган электрон савдолари натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 11% га ўсиб, 804,9 млрд сўмни ташкил қилди.

Давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг бажарилиш даражаси 92% ни ташкил қилди. Қолган 8% битимлардан 2% жарима билан ва 6% жаримасиз бекор қилинган.

Шу билан бирга, порталда давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларни жаримасиз ўзаро келишув асосда бекор қилишда муаммолар юзага чиқмоқда. Масалан, битим ташкилот раҳбарининг рухсатисиз жарималар қўлланилмаган ҳолда бекор қилинмоқда. Бундай ҳолатларга асосан муайян корхона ёки ташкилотнинг электрон рақамли имзосидан бир вақтнинг ўзида бир нечта ходимларнинг фойдаланганлиги сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан, давлат харидлари тизимида ахборот хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш мақсадида электрон рақамли имзо орқали амалга оширилаётган операцияларни ихтиёрий равишда СМС код билан тасдиқлаш имконияти яратилди. Мазкур СМС код фақатгина ташкилот раҳбари томонидан кўрсатилган мобиль рақамга келиб тушади. Янги хизмат тури шартномаларни жаримасиз бекор қилишда келиб чиқаётган тушунмовчиликларни олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек биржа томонидан навбатдаги @UzExXabarBot Telegram-боти ишга туширилди. Мазкур бот биржа фаолияти йўналишида батафсил маълумотлар ва бир нечта интерактив хизматларни тақдим этади. Хусусан мижозлар мазкур бот ёрдамида электрон савдоларда иштирок этиш тартиби, зарур аванс тўловлари, ўтказилган савдолар натижаси, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ва фаол лотлар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Бундан ташқари биржанинг янги телеграм боти орқали шахсий кабинетга келган хабарлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, лотларга обуна бўлиш ҳамда лотлар ва шартномалар ҳолатларини онлайн тарзда кузатиб бориш ҳам мумкин. Бу ўз навбатида, тадбиркорларга зарур давлат буюртмаларни ўтказиб юбормасдан, давлат харидларида кенгроқ иштирок этиш ва даромадларини янада ошириш имконини беради.

Яқин келажакда давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталининг жорий этилиши ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг электрон савдоларда иштирок этишнинг янада соддалаштирилиши кутилмоқда. Бунда янгиланган портал қулай интерфейс ва бир қатор қўшимча функцияларга эга бўлади.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 6126