Биржа Савдо саноат палатаси ходимлари учун ўқув семинарларини бошлади | Новости

23 Май 2022

17 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтиришга бағишланган йиғилиши ўтказилди.

Мажлисда таъкидланганидек, биржа савдолари эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорларга янги бозорларни очади, «яширин иқтисодиёт» ва коррупцияни кескин камайтиради.

Шу боис, биржада ўз маҳсулотини олиб чиқадиган маҳаллий тадбиркорлар сонини камида 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга ошириш бўйича вазифалари белгиланди.

Хусусан, маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқиш туман даражасига тушириш бўйича янги тизим яратилади. Бунинг учун Ўзбекистон Савдо саноат палатаси билан биргаликда биржанинг қўшимча савдо майдончалари очилади.

Туманлардаги маҳаллий тадбиркор ва фермерлар биржанинг мана шу савдо майдончалари орқали рўйхатдан ўтказилади, уларга брокерлар бириктирилади ва уларнинг маҳсулотлари ҳеч қандай чекловларсиз очиқ биржа савдоларига қўйлади ва улар орқали сотилади.

Шу муносабат билан, туманларда савдо майдончаларини очиш ва уларнинг ходимларининг ўқитиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Савдо саноат палатаси бўлинмаларининг ходимлари учун махсус ўқув семинарларини ўтказиши бошлади. Бир ҳафта давомида Савдо саноат палатасининг 200 дан зиёд ходимларини ўқитиш режалаштирилган.

Семинарларнинг ўқув дастури биржа фаолиятининг ҳуқуқий асослари, биржа савдолари ва клиринг қоидалари, биржа комиссиялари, брокерлик фаолияти ва ташқи савдо операциялари каби мавзулардан иборат.

Тадбирлар иштирокчиларига мижозларни биржада рўйхатдан ўтказиш, уларга брокерлик хизматларини кўрсатиш ва маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотиш тартиблари ўргатилмоқда ва улар учун амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Семинарлар давомида мавзуларни тингловчилар томонидан етарли даражада ўзлаштирилиши ҳамда уларни савдо майдончалар ва брокерлик идораларини очиш талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида оралиқ ва якуний тест синовлари ҳам ўтказилмоқда.

Ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра ўқув семиналарини муваффақиятли якунланганларга биржанинг савдо майдончаси аккредитациядан ўтганлиги тўғрисида сертификатлар топширилмоқда.

Яъни айни пайтда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг 300 дан зиёд савдо майдончалари республикамизнинг деярли барча туманларида ўз фаолиятини юритаётган бўлса, мазкур семиналардан сўнг уларнинг сони сезиларли даражада кўпаяди ва фермерларни қамраб олиш имконияти янада кенгаяди.

Бир вақтнинг ўзида, ғаллачилик соҳасида кутилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳамда биржа савдоларида иштирок этиш тартибини тушунтириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан фермер ва кластерлар учун махсус уюштирилаётган ўқув семинарлари ҳам давом этмоқда.

Шунинг билан биргаликда биржа савдо майдончалари орқали фермер ва кластерларни аккредитациядан ўтказиш жараёнлари ҳам амалга оширилмоқда.

Манбаа : PR отдел АО «УзРТСБ»

Кўрилди: 2060